Мамлакатимизнинг Хитой билан алоқалари узоқ тарихий босқичларга эга. Бунда иқтисодий алоқалар билан бир қаторда илмий-маданий ҳамкорликларнинг ҳам ўз тарихи мавжуд. Буларнинг барчаси Буюк ипак йўли имкониятлари ва таъсирида кенгайиб борган.
Хитой Халқ Республикаси Коммунистик партияси Марказий қўмитаси Сиёсий бюроси аъзоси, Ташқи ишлар вазири Ван И жаноблари Ўзбекистонга амалий ташрифи доирасида Ислом цивилизацияси маркази фаолияти, вазифалари ва экспозицияси билан яқиндан танишди.
Ван И жаноблари, хусусан, марказ фойесидаги 14 та равоқда жойлаштирилган алломалар ва тарихий шахсларга бағишланган композицияларни томоша қилди.

Экспозициянинг илмий қисмида Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Беруний, Ибн Сино каби мутафаккирларнинг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссалари ҳақидаги маълумотлар, хусусан «Ал-Жабр вал-Муқобала» асари, алгоритм тушунчасининг пайдо бўлиши ва лотин рақамларининг шаклланиш тарихи Ван И томонидан юқори баҳоланди.
Ислом цивилизацияси маркази маълумотига кўра, олий мартабали меҳмон Ислом давригача бўлган экспозицияда Бақтрия, Сўғд, Хоразм, Кушон каби қадимий цивилизациялар, уларнинг Хитой билан илмий-маданий алоқалари, Ипак йўли тарихи бўйича тақдим этилган материалларни катта қизиқиш билан кўздан кечирди.
Айниқса узоқ тарихий ҳамкорликнинг илк босқичи сифатида Фарғона отлари, беда уруғи ва узум донларнинг Хитойга олиб кетилгани ҳақидаги маълумотлар меҳмонда кучли таассурот қолдирди.
А.РУСТАМОВ, ЎзА