English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хитой тадбиркорларидан иборат делегация Қашқадарёда
12:31 / 2024-08-12

Жорий йилнинг 9 – 10 август кунлари Ўзбекистон Республикасининг Хитой Халқ Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ф.Арзиев бошчилигидаги тадбиркорлардан иборат Хитой делегацияси Қашқадарё вилоятида бўлди.

Делегация таркибида Синьцзян, Пекин, Хэнань, Шэньси, Хэбэй, Гуандун, Сычуань, Аньхойва Шанхай провенцияларидан тоғ-конь, геология ва кимё саноати, қурилиш материаллари ва қурилиш, электротехника ва энергетика, тўқимачилик, мебельчилик, электрон тижорат, савдо ва логистика хизматлари, рақамлаштириш ва дастурлаштириш каби йўналишларда фаолият кўрсатувчи 32 та компания вакиллари бор.

Меҳмонлар ташриф давомида маҳаллий саноат корхоналари фаолияти билан яқиндан таништирилди, Бизнес форум ва ҳудуд тадбиркорлари билан В2В форматда учрашув ўтказилди.

Ўзбекистон Республикасининг Хитой Халқ Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ф.Арзиев Ўзбекистон - Хитой муносабатлари стратегик шериклик асосида жадал суръатларда ўсиб бораётганлигини таъкидлади. Икки томонлама ҳамкорлик инвестициявий, савдо ва маданий соҳаларда жадал ривожланиб бораётганига алоҳида урғу берилди.

[gallery-18683]

Ўз навбатида, Хитой ишбилармон доира вакиллари ҳамкорликда янги лойиҳаларни ишлаб чиқишда фаол иштирок этишни қўллаб-қувватлади.Делегация таркибида иштирок этаётган Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном вилояти Савдо палатаси Президенти Линь Цин томонидан давлат раҳбарларининг оқилона сиёсати барча йўналишларда динамик ривожланиб бораётгани қайд этилди.

Шунингдек, ҳудудлар ўртасида тадбиркорларнинг доимий мулоқотини ташкил этиб бориш таклифи билдирилди.

“Ўзбекистон (Қашқадарё) – Хитой” бизнес-форумида вилоятнинг инвестициявий салоҳияти, имкониятлари, мавжуд ресурслари ва улардан фойдаланиш бўйича тақдимотлар намойиш этилди. Умумий қиймати 279 миллион долларлик 46 та сармоявий келишувга эришилди.  

Жумладан, Китоб туманида қуруқ курилиш қоришмалари, Шаҳрисабз шаҳрида сендвич панель ва пена блок, Ғузор туманида қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш, Қарши туманида гўшт маҳсулотларини қайта ишлаш ва концервалашни ташкил этиш, Кўкдала туманида қурилиш ишларини амалга ошириш хизматлари, Миришкор туманида терини қайта ишлаш, Қарши шаҳрида электротехника воситалари ишлаб чиқариш, Косон туманида терини қайта ишлаш ва бошқа лойиҳаларни амалга ошириш белгилаб олинди.

Бундан ташқари, хитойлик ишбилармонлар билан музокаралар ўтказилиб, уларга мавжуд имкониятлар юзасидан тўлиқ маълумот берилди ва келгусида тикув-трикотаж маҳсулотлари, тоғ-конь саноати асбоб-ускуналарини ишлаб чиқариш, рақамлаштириш ва дастурлаштириш жараёнларини ривожлантириш, савдо ва логистика хизматлари, турли асбоб-ускуналар ишлаб чиқариш каби истиқболли лойиҳалар устида ишлашга келишиб олинди.  

Хитой бизнес делегацияси Қарши шаҳри ва туманидаги “LT Textile International”, “Sultan Textile Group”(тўқимачилик) ва “Uzshoes” (чарм-пойабзал) саноат корхоналари фаолияти билан таништирилди. Делегация аъзоларига корхоналарда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар тўғрисида маълумотлар берилиб, тақдимотлар қилинди.

Шунингдек, делегация Қарши халқаро аэропортига ёндош ҳудудда жойлашган “Чироқчи” махсус иқтисодий зонасига ташриф буюрди. Махсус иқтисодий зона фаолияти, яратилган имкониятлар тўғрисида тақдимотлар намойиш этилди.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат),  

ЎзА мухбирлари