Хитой шаҳарлари ва майдонларига бундан буён хорижликларнинг номи берилмайди
Хитойнинг аҳоли яшаш манзиллари хорижий давлат арбоблари номи билан аталмайди. Бу ҳақда "Чжунго жибао" газетаси ўзининг сешанба сонида маълум қилди. Газетанинг ёзишича, ўтган ҳафта ХХР Давлат Кенгаши бош вазири Ли Кэцян шу ҳақдаги ҳужжатни имзолаган бўлиб, у 1 майдан кучга киради.
Хабарда айтилишича, шаҳарлар, туманлар, майдонлар ва ҳиёбонларга ном беришда қандай хизмат кўрсатганидан қатъий-назар хорижликларнинг номидан фойдаланилмайди.
"Ушбу ҳужжат жойларни номлашни тартибга солишга қаратилган", – дейилади ХХР Давлат кенгаши қарорида. Қолаверса, мазкур қадам Хитой маданиятини ҳимоя қилиш зарурлигини тасдиқлайди, деб ёзади газета.
"Бундай тартибнинг эълон қилиниши Хитойнинг жамоатчилик бошқарувини мустаҳкамлашга қаратилган муҳим қадам бўлиб, жуғрофий номларни оптималлаштиради", – дейди Хитой фуқаролик маъмурияти вазирлиги ҳузуридаги топонимлар академияси ходими Лю Ляньань. Унинг таъкидлашича, халқ учун хитойча ном берилган кўчалар ва тор кўчаларда яшаш енгилроқ.