Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хитой семинари иштирокчилари билан расмий учрашув
15:26 / 2024-04-15

Хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Хитой Халқ Республикаси Шинжон-Уйғур автоном райони (ШУАР)да ташкил этилган семинар иштирокчиларини Хитой Коммунистик партия (КП)си Сиёсий Бюроси аъзоси, КП мухторият қўмитаси котиби Ма Цингруй қабул қилди. Котибият қароргоҳида бўлиб ўтган учрашувда Котиб ўринбосари, минтақа Халқ вакиллари Кенгаши раҳбари Эркин Тунияз, КП маҳаллий қўмитаси Тарғибот департаменти бошлиғи Ванг Жиангсин хоним, шунингдек, маданият, дин, матбуот ва ОАВ каби ёндош соҳалар етакчилари, жумладан, ЎзАнинг кўп йиллик ҳамкорлари – «Синьхуа» ахборот агентлиги, «Женминь Жибао» газетаси, «China Media group» вакиллари ва бошқа масъуллар ҳам қатнашди.

ШУАР етакчиси меҳмонларни қутларкан, турли давлатлардан келган журналистларга минтақанинг ўзига хос хусусияти ҳақида қискача маълумот берди.

- Қарийб 1 миллион 600 минг квадрат-километр майдонни эгаллаган провинциямизда сиз, азиз меҳмонларга кўрсатишга арзийдиган диққатга сазовор жойлар кўп, - деди жаноб Ма Цингруй. - Сизлар фақат айрим объектларда бўлдингиз. Шунга қарамасдан, умид қиламанки, заминимиз тўғрисида етарли тассурот олдингиз. Ҳаммамиз яхши биламиз, Шинжон қадимдан Буюк ипак йўлининг энг муҳим чорраҳаларидан бири сифатида эътироф этилган. Ҳозирги саъй-ҳаракатларимиз диёримизни Хитой ва Евросиё ўртасидаги "олтин йўлак"ка, турли минтақалар ўртасидаги ўзаро манфаатли иқтисодий муносабатларни мувофиқлаштирадиган муҳим майдонга айлантириш. Шинжон-Уйғур ўлкаси дарвозалари ҳамма учун ҳар доим очиқ. Эшикларимиз табақалари йил сайин кенгроқ очилмоқда.

Умуман, мазкур мулоқот, кутилмаганда, енгил руҳда, очиқ, самимий кечди. Сиёсий арбоб даражасидаги йирик расмий шахс жаҳоннинг барча қитъаларидан тўпланган ҳамкасбларимиз билан дилдан суҳбатлашди, савол-жавобга киришиб, мунозарага ҳам ўрин берди.

Табиийки, ШУАРнинг Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон билан охирги йилларда жадаллашган иқтисодий, маданий ва бошқа муҳим соҳалардаги алоқаларига ҳам эътибор қаратди. Бу жараёнда Хитой - Қирғизистон - Ўзбекистон темир йўли жуда муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлади.

Ғайрат Хонназаров, ЎзА

Урумчи шаҳри, Хитой