Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хитой сармояси иштирокида янги шаҳарча барпо этилади
22:45 / 2025-10-31

Давлатобод туманидаги Янги Наманган шаҳарчасида Наманган вилоятида амалга оширилаётган йирик халқаро лойиҳа – “Namangan China Town” шаҳарчаси қурилиши юзасидан навбатдаги музокаралар ўтказилди.

Учрашувда Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов ҳамда Хитой Халқ Республикаси Консультатив кенгашининг Жиангсу провинцияси аъзоси, “Jiangsu Tonke Real Estate Co., Ltd” компанияси президенти Ян Бо бошчилигидаги делегация вакиллари иштирок этди.

Дастлаб “Namangan China Town” шаҳарчасининг лойиҳаси билан яқиндан таништирилди. Мутахассислар шаҳарчанинг архитектура ечимлари, инфратузилмаси ва келгусида амалга ошириладиган қурилиш босқичлари ҳақида маълумот берди.

[gallery-26020]

Шундан сўнг, лойиҳани амалга ошириш жараёни, қурилиш ишларини жадаллаштириш, муҳандислик ва ташкилий масалалар юзасидан музокаралар ўтказилди.

“China Town” лойиҳаси умумий ҳисобда 84 гектар ер майдонида, келгусида эса 1084 гектарга яқин ҳудуддаги шаҳар мажмуалари билан уйғун ҳолда ривожлантирилади. Лойиҳа доирасида 500 дан зиёд савдо ва офис бинолари, меҳмонхона, мактаб ва боғчалар, спорт комплекслари ҳамда 24/7 режимида ишлайдиган хизмат марказлари барпо этилиши режалаштирилган. Шаҳарча нафақат савдо ва бизнес маркази, балки аҳоли учун қулай яшаш, ишлаш ва дам олиш муҳитини яратишга қаратилган замонавий  мажмуа бўлади.

Музокарада лойиҳани амалга ошириш жараёнидаги айрим ташкилий масалалар вилоят ҳокими томонидан жойида ҳал этилди. Келишувга кўра, ноябрь ойида лойиҳанинг тамал тоши қўйилиши ва қурилиш ишларига расман старт берилиши режалаштирилган.

“Namangan China Town” лойиҳаси нафақат Наманган вилоятининг меъморий қиёфасини ўзгартиради, балки Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги иқтисодий, инвестициявий ва маданий ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб беради.

Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА