English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хитой санъати намойиши
20:58 / 2025-12-04

Самарқанд вилоят мусиқали драма театрида “Ўзбекистонда Хитой маданияти кунлари” тадбирлари доирасида ўзбек ва хитой санъат усталари иштирокида концерт дастури намойиш этилди.

Концерт аввалида Ўзбекистон маданият вазири ўринбосари Муроджон Мажидов ва Хитой маданият вазири ўринбосари Луи Чуан сўзга чиқиб, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги азалий дўстлик алоқалари кейинги йилларда мустаҳкамланиб бораётанини таъкидлади. Бу икки давлат маданият ва санъат соҳаси вакилларининг маданий алмашинув ҳамда ижодий ҳамкорлигига ҳам янги суръат бераётгани қайд этилди.

– Хитой ва Ўзбекистон ўртасида иқтисодий муносабатлар билан бирга маданий ҳамкорлик ҳам йилдан-йилга кенгаймоқда, – деди Луи Чуан. – Жумладан, икки давлатда маданият кунларини ўтказиш мунтазамлик касб этди. Бундай тадбирлар халқларимиз ўртасидаги дўстликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Биз ўз санъатимизни Самарқанддек қадимий маданият ўчоғида намойиш этаётганимиздан мамнунмиз.

[gallery-26571]

Ижро этилган куй-қўшиқ ва рақслар, бетакрор санъат асарлари йиғилганларда унутилмас таассурот қолдирди.

– Бундай маданий учрашувлар талабалар учун Хитой маданияти билан яқиндан танишишга қулай имконият, – дейди Самарқанд давлат чет тиллар институтида фаолият кўрсатаётган хитойлик ўқитувчи Танг Йиде. – Бугун талабаларимиз ана шундай имкониятга эга бўлиб, бизнинг маданият ва санъатимиз ҳақидаги тушунчаларини бойитдилар.

Тадбир доирасида Хитойнинг миллий чой маросими, калиграфия санъати, анъанавий ҳунармандчилик намуналаридан иборат кўргазмалар ўтказилди. Меҳмонлар мазкур кўргазмалар  билан танишишда нафақат томошабин, балки айрим жараёнларда иштирокчи ҳам бўлдилар.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),

 ЎзА мухбирлари