Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хитой сафари “Texno Park” учун муҳим технологик имкониятлар яратмоқда
12:11 / 2025-12-12

Сурхондарё вилояти Термиз туманидаги “Янги Ўзбекистон” массивида барпо этилаётган “Texno Park”да замонавий технологиялар асосида импорт улуши юқори бўлган маҳсулот ишлаб чиқариш учун сурхондарёлик бир гуруҳ тадбиркорлар Хитой Халқ Республикасида бўлиб, нуфузли компаниялар ва йирик ишлаб чиқариш корхоналари билан танишмоқда.

Айни пайтда вилоятнинг Термиз туманида 17 гектар ва Денов туманида 7,5 гектар майдонда жаҳон бозорида рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш режалаштирилаётган “Texno Park” қурилмоқда. Уларнинг ҳар биридаги олтита блокда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун 336 та лот ташкил этилган. Иккита йирик саноат мажмуасида 1,5 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилиб, йилига бир триллион сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Бюджетга йилига 120 миллиард сўм қўшимча тушум туширилади. 

 

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматидан олинган маълумотга кўра, делегация аъзоларининг йирик ишлаб чиқариш корхоналари билан танишуви Хитойда ақлли ишлаб чиқариш тизимларини саноатга жорий этишда етакчи корхоналардан бири ­  “Hicorp Machinery (Qingdao) Co., Ltd.” компаниясидан бошланган. Тадбиркорлар бу ерда қурилиш, тўқимачилик ва металлургия соҳалари учун мўлжалланган замонавий ускуналарни ишлаб чиқариш жараёнини катта қизиқиш билан кўздан кечирган.  “Qingdao Yiweite Intelligent Technology Co., Ltd.” компаниясида ишлаб чиқарилаётган ақлли роботлар, лазер пайвандлаш ускуналари, пайвандлаш роботлари, кончилик техникалари, юк кўтарувчи ва юкловчи роботлар ҳам алоҳида қизиқиш уйғотган. “Unisunx Group” компанияси делегация аъзоларига ёғочга нафис ишлов бериш технологияларини, панель арралари бўйича энг яхши ишлаб чиқарувчилардан бири сифатида танилган “Magic Box Ranking” компанияси чилангарлик кесиш станоклари, сирпанма стол арралари ва мебель ишлаб чиқаришга мўлжалланган қатор замонавий ускуналарини намойиш этган.

Маҳаллий мутахассислар сурхондарёлик ишбилармонларнинг Хитойга бу галги сафари “Texno Park” учун тегишли технологик ечимларни излаб, илғор ишлаб чиқариш усулларини жорий этиш ва тадбиркорлар учун янги ҳамкорлик имкониятларини яратишда муҳим аҳамият касб этишини қайд этмоқда. 

Холмўмин Маматрайимов,

ЎзА мухбири