Россия ва Хитой ўртасидаги муносабатлар беқарор ва оғир халқаро вазият шароитида жадал ривожланишда давом этмоқда, Хитой томони Россия Федерацияси билан турли соҳаларда ҳамкорликни чуқурлаштиришни давом эттиришга тайёр, деди Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ван Венбин жума куни бўлиб ўтган брифингда.
Россия президенти Владимир Путин пайшанба куни Валдай халқаро мунозара клубининг ялпи мажлисида Россия ва Хитой барча соҳаларда, жумладан, ҳарбий ва ҳарбий-техникавий ҳамкорлик қилишини ва бу ҳамкорлик жуда махфий характерга эга эканлигини айтиб ўтган.
Унинг сўзларига кўра, Россия – Хитой муносабатлари сўнгги ўн йилликларда мисли кўрилмаган даражада очиқлик, ўзаро ишонч ва самарадорлик даражасига эришди.
“Биз Президент Путиннинг ижобий позициясини юқори баҳолаймиз. Ҳозирги беқарор ва мураккаб халқаро вазиятда Хитой – Россия муносабатлари жадал ривожланишда давом этмоқда”, – деди дипломат Путиннинг Валдай муҳокама клубининг ялпи мажлисидаги нутқини шарҳлар экан.
Ван Венбин Хитой томони Россия томони билан биргаликда давлат бошқаруви соҳасида тажриба алмашишни давом эттиришга, турли соҳаларда ҳамкорликни ривожлантиришга, муайян миллий шарт-шароитларга жавоб берадиган ривожланиш йўлини танлашда бир-бирини қатъий қўллаб-қувватлашга тайёрлигини таъкидлади.
Дипломат, шунингдек, Хитой – Россия муносабатлари ҳамиша қўшилмаслик, қарама-қаршилик қилмаслик тамойилларига асосланганлигини ва ҳеч қандай учинчи томонга қаратилмаганини қўшимча қилди.
ЎзА