Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хитой–Ўзбекистон халқаро озиқ-овқат лабораторияси иш бошлади
14:37 / 2025-09-30

Сирдарёда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва аграр соҳада илмий тадқиқотларни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида Хитой–Ўзбекистон халқаро қўшма лабораторияси иш бошлади. Бу марказ озиқ-овқат маҳсулотларини хавфсизлиги, тупроқ унумдорлиги, биотехнология ва селекция йўналишларида илмий изланишлар олиб боришга хизмат қилади.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов Гулистон давлат университетига хизмат сафари чоғида лабораториянинг рамзий очилиш маросимида иштирок этди. Тадбирда хитойлик нуфузли олимлар – Шандонг Баолаи Леэлаи Био-Теч Гроуп профессори Жинпенг Юан, Шандонг фанлар академияси Тест-аналитик маркази олимлари Лиҳон Ванг ва Фан Чуанфанглар ҳам қатнашдилар. Учрашувда таълим, фан ва инновациялар соҳасидаги стратегик ҳамкорлик масалалари, келгусида амалга ошириладиган қатор илмий лойиҳалар муҳокама қилинди. Шу билан бирга, Гулистон давлат университетида хитой тили бўйича бакалавриат йўналишини очиш режаси ҳам эълон қилинди.

Ташриф якунида “Тест-аналитик таҳлил” халқаро лабораторияси лойиҳаси тақдим этилиб, яқин кунларда унинг қурилиши бошланиши маълум қилинди. Мазкур ташаббус икки мамлакат ўртасида аграр соҳадаги илмий-инновацион ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлади.

– Лаборатория замонавий ускуналар ва илғор технологиялар асосида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, тупроқ унумдорлигини баҳолаш, биотехнология ва селекция соҳаларида янги тадқиқотлар олиб бориш имконини яратади, – дейди Гулистон давлат университети ҳузуридаги Агробиотехнология ва биокимё илмий тадқиқот институти директори, биология фанлари доктори, профессор Ҳабибжон Кушиев.

Энг муҳими, Сирдарёда иш бошлаган қўшма лаборатория нафақат замонавий тадқиқотлар майдони, балки икки давлат олимларининг илмий тажриба алмашадиган, янги ғояларни амалиётга татбиқ этадиган масканга айланади. Бу ҳамкорлик келгусида озиқ-овқат хавфсизлиги ва қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантиришда муносиб ҳисса қўшиши кутилмоқда.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири