Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хитой минтақалари билан ҳамкорлик ривожланмоқда
11:22 / 2025-06-02

Самарқандда ўтказилаётган Ўзбекистон-Хитой иккинчи ҳудудлараро форуми доирасида Самарқанд вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев Хитой Халқ Республикасининг Шандун ва Шэнси провинциялари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди.

Шандун провинцияси губернатори ўринбосари Сон Жунжи билан учрашув чоғида Ўзбекистон ва Хитой раҳбарларининг олий даражадаги мунтазам мулоқотлари туфайли мамлакатларимиз минтақалари ўртасидаги ҳамкорлик кенгайиб бораётгани қайд этилди.

Шандун – Хитойнинг тарихий, саноат ва инновация жиҳатдан етакчи провинцияси ҳисобланади. Самарқанд вилояти ва Шандун провинцияси ўртасида 2022 йил август ойида имзоланган ҳамкорлик келишуви бугунги кунга келиб амалий ва самарали йўналишларда ривожланиб бормоқда.

А.Бобоев Шандун провинцияси билан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, фармацевтика, қурилиш материаллари ва тўқимачилик соҳаларида инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш, Самарқандда касбий таълим марказини ташкил этиш ва Шандун мутахассислари билан ўқув алмашинув дастурларини йўлга қўйиш борасида ўз таклифларини билдирди.

[gallery-23708]

– Икки ҳудуд ўртасидаги маданий алоқаларни янада бойитиш мақсадида Самарқанд шаҳрида “Шандун маданияти кунлари”ни ташкил этиш ва икки ҳудуд университетлари ўртасида талабалар алмашинуви дастурларини йўлга қўйиш зарур, – деди вилоят раҳбари.

Шандун провинцияси губернатори ўринбосари Сон Жунжи сўнгги йилларда Ўзбекистонда турли соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хорижий инвесторлар учун яратилаётган қулай шароитлар ҳақида тўхталиб, хитойлик тадбиркорларнинг Самарқандга ташрифи шу пайтгача эришилган келишувларни амалга ошириш жараёнларини жадаллаштириш ва келгусидаги ҳамкорлик йўналишларини кенгайтиришда муҳим омил бўлишини айтиб ўтди.

Тадбир давомида ўзаро ҳамкорлик истиқболлари муҳокама этилиб, ишлаб чиқариш ва товар айирбошлаш борасида қатор келишувларга эришилди. Шандун провинцияси ва Самарқанд вилояти ўртасида ҳамкорлик меморандуми ва бошқа ҳужжатлар имзоланди.

Самарқанд вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев ва Шэнси провинцияси губернатори Чжан Ган билан мулоқотда Самарқандда замонавий иссиқхона мажмуалари ва мева-сабзавотни қайта ишлаш корхоналарини ташкил этиш, Хитой бозори учун экологик тоза қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва экспорт қилиш, фармацевтика, электротехника, енгил саноат ва қурилиш материаллари соҳаларида қўшма корхоналар очиш, “Ургут” эркин иқтисодий зонасида Шэнси компаниялари учун махсус индустриал хаб яратиш, “Самарқанд – Шэнси” йўналишида логистика марказлари яратиш масалалари муҳокама қилинди.  

Шэнси провинцияси губернатори Чжан Ган ўзаро муносабатлар изчил ривожланаётгани, турли даражадаги ташриф ва учрашувлар мунтазамлик тусини олаётгани хусусида фикр билдириб, Самарқанд вилояти ва Шэнси провинцияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари