English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хитой Марсга қачон учади?
09:19 / 2022-06-16

Хитойлик уч нафар астронавт мамлакат янги космик станциясидаги 6 ойлик миссиясини бошлади. Бу Хитойнинг келгуси ўн йилликда коинотда етакчи кучга айланиш мақсадида амалга оширган навбатдаги ҳаракатидир.

“Tiangong” космик станцияси

Хитой ўтган йил “Tiangong” (самовий сарой) космик станциясининг дастлабки модулини орбитага чиқарган эди,энди ўша станцияга кўплаб бошқа модуллар қўшишни режалаштирмоқда. Жумладан, йил охиригача “Mengtian” илмий тадқиқот лабораториясини космик станцияга чиқармоқчи, кейинги йил эса “Xuntian” номли космик телескопни фазога учирмоқчи.

Хитой собиқ Совет Иттифоқи ва АҚШдан кейин астронавтини фазога чиқарган ва самода космик станция барпо этган учинчи мамлакат ҳисобланади.

Ҳозир катта умид билан қаралаётган “Tiangong” Халқаро космик станция (ХКС)нинг ўрнини босишига умид бор, чунки 2031 йилга келиб ХКСни фойдаланишдан чиқариш кўзда тутилган.

Фазовий стратегия

Хитойнинг фазовий режаси улкан. Бир неча йилдан сўнг чинликлар Ер сайёрасига яқин астероиддан намуна олмоқчи.

2030 йилга келиб, ХХР ўз фазогирларини Ойга учириш, намуна олиш учун Марс ва Юпитерга зонд юборишни кўзлаяпти.

Хитойнинг фазони тадқиқ қилиш режаси қуйидаги тартибда тузилган:

  • 2022 йил “Tiangong” космик станцияси қурилишини тугатиш;
  • 2025 йилда Ер сайёраси яқинидаги астероиддан намуна олиш;
  • 2030 йилга бориб Марс сайёрасига миссия уюштириш, астронавтларини Ойга қадам қўйишини таъминлаш;
  • 2035 йили қайта фойдаланиш имконига эга ракета яратиш;
  • 2040 йилда атом энергияси билан ҳаракатланадиган космик шатл барпо этиш;
  • 2045 йил фазода етакчи кучга айланиш.

Бошқа мамалакатлар нима билан банд?

Хитой фазодаги ролини кенгайтираётган бир пайтда бошқа бир қатор мамлакатлар ҳам Ойга учишни ният қилмоқда.

НАСА 2025 йилдан сўнг АҚШ ва бошқа мамлакат фазогирлари билан бирга яна Ойга қайтишни режалаштирмоқда. Қўшма Штатлар шу муносабат билан аллақачон ўзининг улкан “SLS” ракетасини Кеннеди номидаги фазо марказида ишга туширди.

Япония, Шимолий Корея, Россия, Ҳиндистон, Бирлашган Араб Амирликлари ҳам Ойга сафар қилиш миссияси устида иш олиб бормоқда. 

Аллақачон иккинчи муҳим Ой миссиясини фазога юборган Ҳиндистон 2030 йилгача ўз космик станциясига эга бўлмоқчи.

Айни пайт Ойга учиш миссияси доирасида НАСА билан ҳамкор фаолият олиб бораётган Европа космик агентлиги ойнинг сунъий йўлдоши тармоғини тузиш бўйича режа ишлаб чиқмоқда. Бундан кўзланган мақсад - астроновтларнинг ер билан алоқасини осонлаштириш. 

Чексизликка оид қоидаларни ким ўрнатади?

БМТнинг 1967 йилда қабул қилинган “Очиқ коинот” шартномасида белгилаб қўйилганидек, ҳеч қайси миллат якка ўзи коинотга даъво қилолмайди. 1979 йилдаги “Ой келишуви”да коинотдан тижорий мақсадда фойдаланиш керак эмаслиги белгилаб қўйилган. Афсуски, АҚШ, Хитой ва Россия ҳужжатни имзолашдан бош тортган.

Ҳозир АҚШ илгари сураётган “Artemis Accords” шартномасида миллатлар қандай қилиб Ойдаги минерал ресурслардан фойдаланиши мумкинлиги батафсил акс этган. Бинобарин, Россия ва Хитой ушбу шартномани қабул қилмаган, чунки АҚШ коинот қоидасини белгилаб беришга ҳақли эмас, деб ҳисоблайди.

Хитойнинг космик тадқиқотлари тарихи

Хитой дастлабки сунъий йўлдошини 1970 йил учирган. Бу вақтда фазога космик кема жўнатган давлатлар рўйхатига АҚШ, Совет Иттифоқи, Франция ва Япония кирган эди.

Охирги 10 йил давомида 200 дан ортиқ ракетасини коинотга йўллаган Хитой аллақачон “Chang’e-5” номли учувчисиз қурилмани Ойга тошдан намуна келтириш учун юборган.

“Shenzhou-14” космик кемаси учгач, Чин диёридан фазога чиққан астронавтлар сони 14 нафарга етди. Таққослайдиган бўлсак, АҚШ шу кунгача 340, Совет Иттифоқи ва Россия 130 нафар фазогирни коинотга чиқарган.

Космик амалиётда баъзан муваффаққиятсизликлар ҳам содир бўлиб туради. Масалан, 2020 йил Хитой ракета учиришда икки марта омадсизликка учради. 2021 йилда эса бир қанча ракеталар орбитадан ташқарига чиқиб кетди ва Атлантика океанига қулади.

Фазовий лойиҳалар учун ким маблағ ажратади?

Хитой давлат медиа хизмати - Синьхуа маълум қилишича, ҳозиргача 300 мингга яқин киши Хитой космик лойиҳасида ишлаган. Бу кўрсаткич НАСАдагига нисбатан 18 карра кўп.

2003 йил ХХР миллий фазо администрацияси ташкил этилиб, икки миллиард юань ( 300 миллион доллар ёки) бюджет билан таъминланган. 2016 йил эса мамлакат космик саноатини хусусий компаниялар учун очиқ, деб эълон қилди.

Бугунги кунга келиб Хитойда космик тадқиқот учун йилига 10 миллиард юань (1,5 миллиард доллар) миқдорида инвестиция киритилмоқда.

Коинот нима учун керак?

Хитой телекоммуникацияни ривожлантириш, ҳаво йўлларини назорат қилиш, ишончли об-ҳаво маълумотига эга бўлиш, навигация тизимини такомиллаштириш каби кўплаб сабаблар туфайли ўз сунъий йўлдош технологиясини тараққий эттиришга интилмоқда.

Албатта, бу ишлардан ҳарбий мақсад ҳам кўзланган. Яъни, фазовий устунлик, ўз навбатида, душман кучлари устидан айғоқчилик қилиш, узоқ масофага учадиган жанговар ракеталарни бошқаришда қўл келади.

“Portsmouth” университети фазовий лойиҳалар бошқарувчиси Лусинда Кингнинг айтишича, Хитой фақат юқори профилли космик миссияларга диққатини қаратаётгани йўқ, балки коинотнинг барча жабҳаларини қамраб олмоқчи.

Улуғбек Маҳмирзаев, ЎзА