Остонада бўлиб ўтадиган иккинчи Марказий Осиё — Хитой саммити арафасида глобал протекционизм ва геосиёсий ноаниқлик кучайиб бораётган бир пайтда ушбу мамлакатларнинг эксперт ва сиёсатчилари минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича ўз қарашларини билдирдилар.
Хитойнинг машҳур CGTN телеканалида "Глобал жануб овозлари" номли дастурда Хитой, Марказий Осиё ва Жанубий Осиёнинг ақл марказлари вакиллари Хитой ва Марказий Осиё давлатлари ўзаро алоқадорликни қандай мустаҳкамлаши, минтақавий барқарорликни таъминлаши ва янада экологик тоза келажакка интилиши мумкинлигини муҳокама қилдилар.
Қозоғистоннинг Покистондаги элчиси Ержон Кистафин дастурни саммитнинг эволюцияси ва унинг стратегик аҳамиятига оид шарҳ билан очди.
Унинг айтишича, минтақа "денгизга чиқиш имкони бўлмаган" ҳолатдан "қуруқлик орқали боғланган" ҳолатга ўтаётгани сабабли, асосий эътибор инфратузилма лойиҳаларини функционал, самарали ва хавфсиз қилишга қаратмоқда.
Ўзбекистоннинг АҚШдаги собиқ элчиси Жавлон Ваҳобов Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) ва унинг Тошкентда жойлашган Минтақавий аксилтеррор тузилмаси (МАТТ) каби минтақавий хавфсизлик тузилмаларининг муҳимлигини таъкидлади. "Биз терроризм, наркотрафик ва қурол контрабандасига қарши курашда ШҲТга аъзо давлатлар билан яқин ҳамкорлик қиляпмиз", — деди у хавфсизлик ва барқарор ривожланиш ўртасидаги ажралмас боғлиқликни таъкидлаб.
Муҳокаманинг марказий мавзуси "яшил" ривожланиш мавзуси бўлди. Ўзбекистон Фанлар академияси профессори Одилхўжа Парпиев хитойлик ҳамкорлар билан қишлоқ хўжалиги технологиялари бўйича ўтказилган синовларнинг таъсирли натижалари билан ўртоқлашди. "Хитой иссиқхона плёнкаси технологиясидан фойдаланиш суғориш учун сув сарфини 30 фоизга қисқартириш ва ҳосилдорликни 40 фоизгача ошириш имконини берди", — деди у.
Ўзбекистон томони ҳозирда экспорт учун маҳаллий нанозаррачалар ишлаб чиқариш имкониятларини ўрганмоқда. Профессор Парпиев қимматбаҳо импортга таяниш ўрнига, муайян иқлим шароитларига мослаштирилган маҳаллий ва арзон инновацияларга инвестицияларни кўпайтиришга чақирди.
У шунингдек, Ўзбекистоннинг қуёш тадқиқотлари соҳасидаги етакчилиги ҳақида гапириб, мамлакатдаги юқори ҳароратли қуёш печларини мисол келтирди. "Биз қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлигида инқилоб ясай оладиган "яшил" водород ва интеллектуал наноматериалларни ишлаб чиқармоқдамиз", — дер экан, Хитой ва қўшни давлатларни илмий ҳамкорликни кенгайтиришга чақирди.
Покистоннинг инвестициялар бўйича собиқ давлат вазири Ҳорун Шариф амалий ва кўп томонлама ечимларга эҳтиёж борлигини қўллаб-қувватлади. "Ўзаро боғлиқлик — бу фақат биринчи қадам. Унинг ишлаши учун портлар самарали, хавфсиз ва кўп миллатли қўшма корхоналар сифатида бошқарилиши керак", — деди у.
CASA-1000 электр таъминоти лойиҳасидаги тажрибасига таяниб, Шариф ҳамкорларни кечиктирилган эски моделларга ёпишиб олиш ўрнига, янги ва арзон энергия технологияларидан фойдаланишга чақирди. "Келинглар, икки томонлама келишувлар доирасидан чиқайлик. Бизга минтақавий инвестиция кенгашлари, хусусий сектор шериклиги ва ягона бозор сифатида ривожланишимизга имкон берувчи билим алмашинуви керак. Минтақа "ягона фикрлашга" ва умумий демографик кўрсаткичлардан — ўртача ёши 30 ёшгача бўлган 700 — 800 миллион кишидан фойдаланишга кириши керак".
Цинхуа университети профессори Ли Сигуан Хитой ва Марказий Осиё ўртасидаги алоқаларни умумий мерос ва географияга чуқур таянган ҳамкорликка қиёслади. У Афғонистон, Покистон ва Хитойнинг ғарбий вилоятларини қамраб олувчи интеграциянинг кенгроқ моделига чақирди. "Катта Марказий Осиё — бу Помир ва Тянь-Шань тоғлари билан боғланган ягона цивилизация маконидир".
Ли инсонлар ўртасидаги алоқалар муҳимлигини таъкидлади: "Мен ҳар йили талабаларни Марказий Осиёга олиб келаман. Академик алмашинувлар минтақавий бирлик учун эмоционал инфратузилмани яратиши мумкин".
Дастур бошловчиси Мушоҳид Ҳусайн Сайид барча экспертларнинг фикрларидаги умумий жиҳатни қўллаб-қувватлади: ўзаро боғлиқлик инклюзив, хавфсизлик умумий ва ривожланиш "яшил" бўлиши керак.
Остонада саммитнинг очилиши муносабати билан "Глобал Жануб Овозлари"даги мулоқот Марказий Осиёни транзит ҳудудидан иқтисодий, экологик ва инсон тараққиётининг жонли марказига айлантириш режасини таклиф қилди.
А.Суюнов тайёрлади, ЎзА