Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хитой – Марказий Осиё: профессионал фермерлар тайёрлашга кўмаклашилмоқда
15:29 / 2026-01-08

Сиань шаҳрида бўлиб ўтган “Хитой – Марказий Осиё” саммитида белгиланган келишувларни амалий жиҳатдан рўёбга чиқариш йўлида қатор самарали лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Шулардан бири Марказий Осиё давлатлари учун профессионал фермерларни тайёрлаш дастуридир. Мазкур лойиҳа доирасида Хитойнинг Шэньси вилояти сўнгги уч йилда минтақа мамлакатларидан 300 нафар фермерни замонавий аграр билимлар билан таъминлади.

Ўзбекистонлик фермер Жасур Ҳасановнинг тажрибаси мазкур ҳамкорликнинг амалий самарасини яққол намоён этади. У иштирок этган ўқув дастури натижасида ўз хўжалигида замонавий агротехнологияларни жорий этиш имконига эга бўлди.

– Ўқув дастурига қадар хўжалигимизда сув ресурсларидан самарасиз фойдаланиш муаммоси бор эди, – дейди фермер Жасур Ҳасанов. – 2023 йил декабрь ойида Вэйнань шаҳрида ташкил этилган ўқувларда иштирок этганимдан сўнг томчилатиб суғориш тизимини жорий қилдик. Бу эса сув тежалиши билан бирга ҳосилдорликни ошириш имконини берди.  

2025 йил 14 декабрь куни Вэйнань касб-ҳунар техника коллежи базасида Марказий Осиё давлатлари учун мўлжалланган профессионал фермерлар тайёрлаш дастури муваффақиятли якунланди. Барча 300 нафар тингловчи ўқувни тўлиқ тамомлаб, ўз мамлакатларига амалий билим ва тажриба билан қайтди.  

Ушбу таълим дастури 2023 йил май ойида бўлиб ўтган “Хитой – Марказий Осиё” саммитида қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш, сув тежовчи ва экологик самарали технологияларни жорий этиш, аграр соҳада илғор тажриба алмашувини кучайтириш бўйича эришилган келишувларга мувофиқ ишлаб чиқилган.

Лойиҳани амалга оширишда йирик аграр марказ ҳисобланган Вэйнань шаҳри ва Вэйнань касб-ҳунар техника коллежи асосий роль ўйнади. Таълим дастури замонавий қишлоқ хўжалиги, ўсимлик ва чорвачилик технологиялари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, аграр бошқарув каби йўналишларни қамраб олди. Ўқув жараёни назария ва амалиёт уйғунлиги асосида ташкил этилди.

Тингловчилар сув тежовчи суғориш, иссиқхона хўжалиги, қуруқ иқлимга мос экин навлари селекцияси, аграр соҳада механизация ва рақамли технологиялардан фойдаланиш каби масалаларни бевосита амалиётда ўзлаштирди. Дарслар минтақа қишлоқ хўжалиги эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда ташкил этилди.

Шунингдек, дастур доирасида маданий алмашувга ҳам эътибор қаратилди. Бу орқали иштирокчилар Хитойнинг анъанавий маданияти билан танишиш имконига эга бўлди, бу эса ўзаро ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Мутахассислар фикрига кўра, мазкур лойиҳа Хитой ва Марказий Осиё ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасида амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш, илғор аграр технологияларни жорий этиш ва барқарор минтақавий ривожланишни таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Нилуфар Бозорова, ЎзА