Хитой мамлакатга келганлар учун COVID-19 бўйича карантинни бекор қилади
2023-йил 8 январдан бошлаб ХХР ҳудудига кириш учун фақат салбий коронавирус тести талаб қилинади.
«Хитойга келган шахслар жўнашдан 48 соат олдин ПЦР-тестидан ўтган бўлиши керак. Салбий натижа аниқланган ҳолларда, улар божхона декларациясини тўлдириш асносида элчихона ёки консулликда саломатлик коди талаб этилмасдан ХХР га киришлари мумкин бўлади», — дейилади Хитой марказий телевидение хабарида.
«Синьхуа» агентлигининг ёзишича, декларацияда соғлиғи ёмонлашгани ҳақида хабар берган ёки тана ҳарорати ошган йўловчилар божхонада антигенга текширилади. Агар натижа ижобий бўлса, уларга тузалиб кетгунига қадар уйда карантинда бўлиш ёки соғлиғининг аҳволига қараб шифохонада даволаниш тавсия этилади.
Хориж ОАВ материаллари асосида Г. Абдуллаева тайёрлади, ЎзА