Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Хитой Халқ Республикасининг “Xaynan Stzintanbo Investment Xaynan” ҳамда “Chjyondjun Tanbo Lishan Industry” компаниялари бошқарув раиси Ма Цзайшен билан учрашув ўтказди.
Учрашувда кейинги йилларда Ўзбекистон – Хитой ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилганлиги, томонлар инвестиция, савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантираётганлиги, жумладан, Андижон вилоятида жуда кўп лойиҳалар хитойлик инвесторлар томонидан амалга оширилаётганлиги таъкидланди.

Учрашув давомида икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш, жумладан, Хонобод шаҳрида “Қуруқ порт” логистика марказини барпо этиш, транспорт-логистика инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган йўл қурилиши лойиҳалари, шунингдек, Бобур шаҳри инфратузилмасини комплекс яхшилаш бўйича амалга оширилиши режалаштирилаётган ишлар муҳокама қилинди.

Музокаралар жараёнида лойиҳаларнинг техник-иқтисодий жиҳатлари, инвестиция ҳажмлари, амалга ошириш босқичлари ҳамда ҳамкорлик шартлари юзасидан фикр алмашилди. Вилоят раҳбари Андижон вилоятининг инвестиция салоҳияти, хорижий инвесторлар учун яратилган қулай ишбилармонлик муҳити ҳамда давлат томонидан хорижий инвесторларни қўллаб-қувватлаш бўйича белгиланган тартиблар ҳақида маълумотлар берди.

Якунда томонлар қатор йўналишларда ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (фото), ЎзА