Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хитой компанияси Ўзбекистонда олий тоифадаги омборлар қуришни режалаштирмоқда
20:24 / 2024-03-06

“Ўзтемирйўлконтейнер” АЖ бошқаруви раиси вазифасини бажарувчи Акмал Камолов Хитойнинг “Shenzhen Neptune Logistics Co. Ltd.” компанияси директори Нэнси Танг билан учрашди.

Улар халқаро транспорт йўлакларини ривожлантириш ва логистика хизматлари сифатини ошириш масалаларини муҳокама қилди.    

Нэнси Танг Ўзбекистонда Хитой компаниялари фаолият юритиши учун барча зарур шароитлар яратилганини таъкидлади. Чет эл компанияси раҳбарияти Ўзбекистонда транспорт-логистика маркази қурилишига 10-15 миллион АҚШ доллари атрофида сармоя киритишни режалаштирмоқда.    

Шунингдек, томонлар “Ўзтемирйўлконтейнер” АЖ логистика марказларидан биргаликда фойдаланиш бўйича икки томонлама ҳамкорлик масалалари, янги логистика марказларини очиш, вагон ҳамда контейнерлардан биргаликда фойдаланиш истиқболларини муҳокама қилди.  Ўзбекистон ҳудудида дистрибуция хизматларини кўрсатиш бўйича А+ тоифадаги замонавий омборлар яратишга оид таклифлар билдирилди. Бундай иншоатлар омбор хўжалигининг энг юқори талабларига жавоб беради. Шу билан бирга, Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон мультимодал йўналиши бўйича Сиань, Ченду, Шенчжен провинцияларидан мавжуд транспорт йўлаклари орқали Туркия ва Европа мамлакатларига контейнер ташувларини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди.    

“Shenzhen Neptune Logistics Co. Ltd.” компаниясига 2002 йилда асос солинган бўлиб, Хитойнинг 10 дан ортиқ провинцияси, Европа, Марказий Осиё ва Сингапур мамлакатларида ўзининг шахсий логистика марказларига эга.  2023 йилда компания Сиань, Чэнду, Шенчжен провинцияларидан Хитой-Европа, Хитой-Марказий Осиё йўналишларида 100 га яқин контейнер поездларини ишга туширди.  Компания мултимодал ташувларга ихтисослашган ва 25 мингта шахсий контейнер эгаси ҳисобланади.    

Роман БОНДАРЧУК тайёрлади, ЎзА.