Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хитой компанияси Нарпайда тиббий жиҳозлар ишлаб чиқаради
16:19 / 2023-10-11

Айни пайтда ҳокимликлар масъуллари ва тадбиркорлардан иборат Самарқанд вилояти делегацияси ўзаро тажриба алмашиш ҳамда ҳамкорликда амалга ошириладиган лойиҳаларни келишиб олиш мақсадида Хитойнинг Шандун провинциясида бўлиб турибди.

Шандун провинцияси Хитойнинг йирик ишлаб чиқариш, савдо ва саноат ривожланган минтақаларидан бири ҳисобланади. Провинциянинг йиллик ялпи ҳудудий маҳсулоти ҳажми 1 триллион 300 миллиард АҚШ долларини ташкил этади ва Хитой минтақалари орасида учинчи ўринда туради.

Шу йилнинг сентябрь ойида Шандун провинцияси партия қўмитаси котиби Лин У бошчилигидаги делегация Самарқандда меҳмон бўлиб, ўзаро ҳамкорлик бўйича вилоят ҳокими ва бошқа масъуллар билан учрашган, тадбиркорлар билан мулоқот қилганди. Мазкур тадбирлар чоғида Пахтачи ва Нарпай туманларини Шандун тажрибаси асосида ривожлантириш, бу ерда хитойлик ишбилармонлар билан ҳамкорликда йирик инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш белгиланган эди.

Ушбу келишувларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида Нарпай ва Пахтачи туманлари ҳокимлари Шандундаги йирик компаниялар раҳбарлари ва тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказмоқда.

Жумладан, Нарпай тумани ҳокими Ш.Раҳмонов дунёдаги 500 йирик корхона рўйхатида турувчи, тунги ёриткичлар, қуёш панеллари ва LED дисплейлар ҳамда реклама қурилмалари ишлаб чиқарувчи йирик компания – "Tianjin Sulture Media So. Ltd" раҳбари Зечун Ли билан қиймати 5 миллион долларлик янги инвестиция келишуви имзолади. Унга кўра, мазкур компания Нарпай туманидаги саноат ҳудудида тиббий жиҳозлар, енгил конструкцияли уй-жой макетлари ишлаб чиқариш ва ўрнатиш ҳамда қадоқловчи цех фаолиятини йўлга қўяди.

Тумандаги салоҳиятли экспортёр корхона "HIRMON sity" масъулияти чекланган жамияти эса "Qingdao Shanghe International Trade Group so. Ltd" компанияси билан умумий қиймати 3 миллион АҚШ доллари бўлган дуккакли маҳсулотлар етказиб бериш бўйича битим тузди.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири