Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Хитой Халқ Республикасининг йирик компанияларидан бири – “Qingdao Wanlin Health and Wellness Industry Group” компаниялар гуруҳи асосчиси Ли Яньтао билан учрашув ўтказди.
Учрашувда кейинги йилларда Ўзбекистон – Хитой ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилганлиги, томонлар инвестиция, савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантираётганлиги, жумладан, Андижон вилоятида жуда кўп лойиҳалар хитойлик инвесторлар томонидан амалга оширилаётганлиги таъкидланди.
Учрашув давомида икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш, жумладан, хитойлик инвесторга Андижон шаҳрида замонавий шифохона, шунингдек, Бобур шаҳрида замонавий талабларга жавоб берадиган аквапарк барпо этиш бўйича лойиҳалар таклиф этилди.
Музокаралар жараёнида инвесторга қурилиши режалаштирилаётган объектлар жойлашиши кўзда тутилган ҳудудлар, инфратузилма имкониятлари ҳамда логистика шароитлари яқиндан таништирилди. Лойиҳаларнинг техник-иқтисодий жиҳатлари, ҳамкорлик шартлари юзасидан фикр алмашилди.
[gallery-27452]
Якунда томонлар ҳамкорликни йўлга қўйиш, белгиланган лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувга эришди. Лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш орқали аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ошириш, замонавий дам олиш маскани барпо этиш ҳамда янги иш ўринлари яратиш кўзда тутилади.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (фото), ЎзА мухбирлари