Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиалига Хитойнинг Гуичжоу провинцияси делегацияси ташриф буюрди. Учрашув давомида таълим, фан ва инновация соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилиниб, ҳамкорлик лойиҳалари тасдиқланди.
Томонлар олий таълим муассасалари ўртасида талабалар алмашинуви дастурини йўлга қўйиш, илмий-тадқиқот ва маданий ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, Ўзбекистонга 1000 нафар хитойлик талабани жалб этиш орқали таълим соҳасидаги шерикликни янги босқичга олиб чиқишга келишиб олдилар.

Шу билан бирга, филиал қошидаги техникумларда ўрта бўғин мутахассисларини тайёрлаш тизимини ташкил этиш, “Ўзбекистон–Хитой устахоналари” фаолиятини кенгайтириш ҳамда замонавий технологияларга асосланган таълим жараёнини такомиллаштириш бўйича ҳам келишувга эришилди.

Филиал ҳудудида Хитой технопаркини барпо этиш режалаштирилган бўлиб, у инновация, илмий тадқиқот ва ишлаб чиқаришни уйғунлаштирган марказ сифатида фаолият юритади. Бу орқали талабалар дуал таълим тизими асосида амалий билим ва кўникмаларга эга бўлишади.

– Бугун имзоланган келишувлар Янгиер филиали учун янги имкониятлар эшигини очади. Бу лойиҳалар нафақат таълим сифати ва илмий салоҳиятни оширади, балки Хитойнинг илғор технология ва тажрибасини амалда жорий этишга хизмат қилади. Биз талабаларимиз ва профессор-ўқитувчиларимиз даражасини халқаро стандартларга мос даражага етказишни мақсад қилганмиз, – деди филиал директори Зафар Ҳакимов.

Маълумот ўрнида шуни айтиш мумкинки, Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, ТКТИ Янгиер филиали ва Хитой компаниялари ҳамкорлигида келгуси беш йил ичида умумий қиймати 58 миллион АҚШ долларига тенг 17 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган. Мазкур лойиҳалар филиалнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, таълим сифатини ошириш ҳамда минтақанинг иқтисодий ривожига ҳисса қўшишга қаратилган.
Учрашув якунида “ИННО” инновацион ўқув ва ишлаб чиқариш технопарки ҳузурида махсус лойиҳа офисини ташкил этиш ҳамда ҳамкорликни самарали мувофиқлаштириш юзасидан меморандумлар имзоланди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири