Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хитой компаниялари билан учта лойиҳа бўйича келишувларга эришилди
15:47 / 2025-09-04

Мамлакатимиз тўқимачилик саноати сўнгги йилларда хорижий сармоя ва замонавий технологияларни жалб қилишда фаол қадамлар қўймоқда. Шу мақсадда “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси раҳбарияти Хитойга хизмат сафари уюштириб, йирик компаниялар билан қатор учрашувлар ўтказди.

“FONG’S” компанияси билан олиб борилган музокараларда “Республика ҳудудларида аралаш матоларни бўяш ва пардозлаш” лойиҳаси муҳокама қилинди. Томонлар лойиҳани эркин иқтисодий зоналарда амалга ошириш, логистика ва инфратузилмавий имкониятлардан самарали фойдаланиш юзасидан келишиб олди. 

“China Hi-Tech Holding” компанияси билан музокаралар давомида эса синтетик толалар ва вискоза ипларини ишлаб чиқаришга қаратилган йирик инвестиция лойиҳаси бўйича дастлабки келишувга эришилди. Компания жорий йил охирига қадар Ўзбекистонга ташриф буюриб, лойиҳа учун мос ер майдонини белгилаш ҳамда маҳаллий ҳамкорлар билан ҳамкорликни чуқурлаштириш ниятида эканини маълум қилди. 

“China Techmatech Co Ltd” компанияси билан учрашувда мавжуд тўқимачилик корхоналарини қайта жиҳозлаш, янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш ҳамда аралаш мато ва газламалар ишлаб чиқаришга оид лойиҳалар хусусида сўз юритилди. Мазкур лойиҳа доирасида импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, нафаќат ички бозорни таъминлаш, балки МДҲ давлатларига ҳам экспорт қилиш режалаштирилган. 

Шунингдек, матолар сифати ва стандартларини баҳолаш, замонавий ускуналарга сервис хизматлари кўрсатиш имконини берувчи тажриба-ўқув ишлаб чиқариш марказини ташкил этиш масаласи ҳам муҳокама этилди. 

Эътиборлиси, яқинда ўтказилган Хитой-Ўзбекистон форумида мазкур лойиҳа бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланиб, икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган муҳим қадам қўйилди. 

“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси Халқаро брендларни жалб қилиш бўлими бошлиғи Абдулазиз Абдураҳимов қайд этганидек, ушбу учрашувлар Ўзбекистон тўқимачилик саноатига хорижий сармояларни жалб қилиш, илғор технологияларни жорий этиш ва соҳадаги халқаро ҳамкорликни кенгайтиришда муҳим аҳамиятга эга бўлди.

– Хитой компаниялари билан олиб борилган музокаралар тўқимачилик соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга хизмат қилади. Бу лойиҳалар маҳаллий ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, замонавий технологияларни жорий этиш ва янги иш ўринларини яратишга йўналтирилган. Энг муҳими, бу каби ташаббуслар маҳсулотларимизнинг рақобатбардошлигини ошириб, уларни халқаро бозорларга кенг чиқариш имкониятини беради, –деди А. Абдураҳимов.

Н.Зиёдуллаева, ЎзА