Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хитой инвесторлари билан шартномалар имзоланди
19:47 / 2024-01-24

Шу кунларда Хитой Халқ Республикасида бўлиб турган Тошкент вилояти делегациясининг турли соҳаларда ҳамкорликни йўлга қўйиш борасидаги ишлари самарали бўлмоқда.

Жумладан, Чиноз тумани вакиллари Шандун провинциясида бўлиб, бир қатор ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш корхоналари фаолиятини ўрганди. Кўплаб инвесторлар билан учрашувлар ўтказилди. Мулоқотлар давомида яна бир муҳим лойиҳа – нефтдан ёқилғи (бензин, дизель) маҳсулотларини олиш бўйича келишув шартномасини имзолашга эришилди. 

Унга кўра, “Dongying Zhengfeng New Energy Co., Ltd.” компанияси билан Чиноз туманида умумий қиймати 100 миллион долларлик завод қурилиши амалга оширилади. Шунингдек, ҳудудда кафел маҳсулотлари ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда. Бундан ташқари, Қуйи Чирчиқ тумани вакиллари 2024-2025 йилларда 3 та саноат йўналишидаги лойиҳани амалга ошириш ва бунинг натижасида 33 миллион долларлик инвестиция жалб қилиш бўйича келишувни амалга оширди. 

Шунингдек, Қуйи Чирчиқ туманидан Хитой давлатига саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини амалга ошириш юзасидан 50 миллион долларлик шартномалар имзоланишига эришилди. Нурафшон шаҳрида Хитой ҳамкорлигида саноат ва электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган корхона қурилади. Хусусан, делегация таркибидаги Нурафшон шаҳри ҳокими Илҳом Кличханов Хитойнинг Зҳежианг провинцияси Ийву шаҳрида бўлиб, тадбиркорлар билан учрашди. Мулоқот давомида келгусида Нурафшон шаҳрида кўп қаватли тураржой мажмуаси, бизнес марказлар қуриш, саноат ва электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича 50 миллион долларлик келишув имзоланди. 

Оққўрғон тумани ҳокими Тўра Боболов текстиль-трикотаж, пойабзал, қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқараётган корхоналар фаолияти билан яқиндан танишди. Режа Оққўрғонда мазкур йўналишларда сифатли маҳсулотларни ишлаб чиқаришни ташкил этишдир. Шу бўйича умумий қиймати 56,1 миллион долларлик 10 га яқин инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга келишиб олинди. Бунинг натижасида келгусида ҳудудда мингга яқин янги иш ўрни яратилади.

Бекобод шаҳри ҳокими Насрулло Бабаев бошчилигидаги бир гуруҳ тадбиркорлар ҳам Хебэй провинциясидаги “China Machinery Equipment Engineering Co., Ltd.” компаниясининг шамол электр станциясини қуриш қувватлари, яқин келажакдаги истиқболли режалари билан танишди. Музокаралар давомида Бекобод шаҳрида шамол электр станциясини қуришга келишиб олинди. 

А.Мусаев, ЎзА мухбири