Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хитой императорларини ҳайратга солган Фарғона шишаси
07:49 / 2025-11-23

Тасаввур чегараларини кенгайтирадиган тарихий ҳақиқат шундаки, биз кўпинча Буюк Ипак йўлини фақат Хитойдан Ғарбга қараб оқадиган бир томонлама “дарё” сифатида қабул қилишга ўрганиб қолганмиз.

Бироқ, тарихий адолат ва археологик далиллар бутунлай бошқа манзарани – интеллектуал салоҳиятнинг Марказий Осиёдан Хитойга қараб ҳаракатланганини кўрсатмоқда. VII асрда Фарғона водийси, хусусан, қадимий Қубо (ҳозирги Қува) шаҳри шунчаки савдо маркази эмас, балки ўз даврининг юқори технологияли ишлаб чиқариш “кластери” бўлганлиги бугунги кун кишисини ҳайратга солмай қўймайди. Бу ерда яратилган шаффоф мўъжиза – шиша технологияси Хитой императорлари томонидан стратегик аҳамиятга эга ресурс сифатида баҳоланган ва айнан шу технологияни ўзлаштириш учун махсус дипломатик ва иқтисодий ҳаракатлар амалга оширилган.

Буюк Ипак йўлининг Фарғона тармоғида жойлашган Қубо X асрлардаёқ катталиги жиҳатидан водийнинг маркази Ахсикент билан беллаша оладиган шаҳар бўлган. Араб географлари Истахрий ва Ибн Ҳавқалларнинг ёзиб қолдирган маълумотларига кўра, Қубо шаҳри ўзининг мустаҳкам қалъаси, обод шаҳристони ва гавжум работи билан ажралиб турган. Бироқ шаҳарнинг асл шон-шуҳрати унинг бозорлари ёки масжидлари билан эмас, балки илм-фан ва ҳунармандчиликнинг уйғунлашувидан туғилган ноёб маҳсулотлари билан белгиланган. Археологик тадқиқотлар, хусусан, 1998 йилда Аҳмад Фарғоний таваллудининг 1200 йиллиги муносабати билан ўтказилган кенг кўламли қазишмалар шуни кўрсатдики, Қубода IX асрнинг охирларидан бошлаб кулолчилик ва шишасозлик санъат даражасига кўтарилган.

Энг қизиқарли ва кўпчиликка номаълум бўлган факт шундаки, Хитой манбаларида Фарғона шишасозлигига оид ўта муҳим маълумотлар сақланиб қолган. Тадқиқотчи олимлар, жумладан Н.Я.Бичуриннинг таржималари ва таҳлилларига таяниб айтиш мумкинки, Хитой императорлари ўз мамлакатларида шишасозлик саноатини йўлга қўйиш ва ривожлантириш мақсадида Марказий Осиёлик, хусусан, Фарғона ва Сўғдлик усталарни махсус таклиф қилганлар. Бу оддий меҳнат миграцияси эмас, балки давлат даражасидаги “технология трансфери” эди. Императорлар бу усталар учун Хитойда барча шароитларни муҳайё қилганлар, уларга имтиёзлар берганлар ва эвазига шаффоф шиша қуйиш сирларини ўргатишни сўраганлар. Бу далил аждодларимизнинг нафақат хом ашё, балки юқори интеллектуал билим ва технология экспортёри бўлганлигини яққол исботлайди.

Қубо шаҳристонида олиб борилган археологик изланишлар натижасида топилган ашёлар бу фикрни моддий жиҳатдан тўлиқ тасдиқлайди. Олимлар В.А.Булатова ва бошқа археологлар томонидан ўрганилган маданий қатламларда X – XII асрларга оид металлдан ясалган косалар, чироқлар ва энг муҳими – шиша идишларнинг қолдиқлари кўплаб топилган. Шиша буюмлар орасида пардозланган қадаҳлар, графинлар, атир-упа идишлари ва ҳатто тиббиётда ишлатиладиган махсус колбаларнинг учраши, бу ерда шишасозлик кимё ва табобат илмлари билан ҳамқадам ривожланганидан далолат беради. Агар қадимги дунёда шиша қимматбаҳо тошлар билан тенг қадрланганини инобатга олсак, Қубо шаҳри ўша даврнинг энг бой индустриал марказларидан бири бўлгани аён бўлади.

Шаҳарнинг меъморчилиги ҳам унинг юксак мақомига мос бўлган. Археологик тадқиқотлар шуни кўрсатадики, Қубода уйларнинг қурилишида ўзига хос “сейсмик хавфсизлик” тизими қўлланилган. Деворлар пахса ва хом ғиштдан кўтарилиб, оралари синч билан мустаҳкамланган. Бу усул биноларнинг зилзилага бардошлилигини оширган. Ҳар бир хонадоннинг ўз ошхонаси, омборхонаси ва ҳаммоми бўлгани эса, X асрдаёқ аждодларимизнинг маиший маданияти ва гигиена талаблари нақадар юқори бўлганини англатади. Шаҳар сув таъминоти тизими ҳам мукаммал лойиҳалаштирилган бўлиб, аҳоли тоза ичимлик суви билан тўлиқ таъминланган.

Қубо феномени шундан иборатки, бу ерда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар шунчаки эҳтиёж моллари эмас, балки “бренд” даражасига кўтарилган санъат асарлари эди. Кулолчиликда сирланган идишлар, уларга битилган араб ёзувидаги ҳикматли сўзлар ва нақшлар, шиша буюмларнинг нафислиги – буларнинг барчаси юксак дид ва чуқур фалсафий дунёқараш маҳсулидир. Бугунги кунда музейларимизда сақланаётган, Қубо тупроғидан топилган бу нодир экспонатлар “тилсиз гувоҳлар” эмас, балки аждодларимизнинг бунёдкорлик қудрати ва интеллектуал салоҳияти ҳақида сўзловчи юксак далиллардир.

Биз бугун “инновация” ва “технологиялар экспорти” ҳақида кўп гапирамиз. Лекин бундан минг йил олдин ҳам Фарғона заминида яшаган бобокалонларимиз бу тушунчалар мазмунини амалда қўллаганлар. Улар Хитой каби буюк империяга технология ўргата оладиган даражада илм ва ҳунарга эга бўлганлар. Қубо шишаси тарихи – бу шунчаки ҳунармандчилик тарихи эмас, бу – адодларимизнинг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссасининг ёрқин намунасидир. 

Алишер Эгамбердиев , ЎзА