Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети (ЖИДУ)да Хитой Ижтимоий фанлар академияси (ХИФА) президенти Гао Сян бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди. Ўзбекистон – Хитой муносабатлари ҳар томонлама стратегик шериклик даражасига кўтарилган бир даврда бу воқеа муҳим академик-дипломатик қадам сифатида баҳоланди.
Мулоқотлар давомида илмий ҳамкорлик давлатлараро муносабатнинг мустаҳкам интеллектуал асоси экани алоҳида таъкидланди.
Мазкур ташриф доирасида ЖИДУ ҳузурида Си Цзиньпин асарлари ва замонавий Хитой маркази иш бошлади. ХХРга хос тараққиёт модели, давлат бошқаруви, модернизация жараёни ҳамда халқаро ташаббусларни ўрганишга қаратилган кўп қиррали мазкур илмий платформадан энди ўқув машғулотлари, илмий анжуманлар ва эксперт муҳокамаларини ташкил қилиш учун фаол фойдаланилади.
[gallery-27374]
Меҳмонлар мамлакатимизнинг етакчи олий таълим даргоҳларидан бири ҳисобланган ЖИДУ рақамли инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида жамоага 110 та замонавий компьютер, сервер ва техник воситалар тақдим этди.
Профессор Ян Кайжуннинг “Хитой модернизацияси мўъжизаси мантиқий асоси” мавзусидаги маърузаси тингловчиларда алоҳида қизиқиш уйғотди.
Томонлар йўлга қўйилган ҳамкорлик узоқ муддатли ва амалий тус олиб, халқаро муносабатлар соҳасида юқори малакали мутахассислар тайёрлашга хизмат қилишига ишонч билдирдилар.
Музокара якунида Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳамда Хитой Ижтимоий фанлар академияси ўртасида Ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ушбу ҳужжат халқаро муносабатлар, жаҳон иқтисодиёти ва замонавий Хитойни ўрганиш бўйича биргаликда тадқиқот олиб бориш, академик алмашинувни ривожлантириш, таҳлилий нашрлар тайёрлаш ҳамда қўшма таълим дастурлари яратишни назарда тутади.
Мусулмон Зиё, Носиржон Хайдаров (сурат), ЎзА