“Reuters” ёзишича, Хитой Миллий соғлиқни сақлаш комиссияси “муайян ёшда” никоҳдан ўтиш ва фарзанд кўришни тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Ҳукумат шу йўл билан аҳоли камайишига олиб келадиган туғилиш даражаси тушишининг олдини олишни кўзлаган.
Комиссия раҳбари ўринбосари Юй Сюэцзюн тузилма ёшларни “никоҳ, фарзанд кўриш ва оилага ижобий қараш”га йўналтиришда ота-она масъулиятини ҳам оширишга чақиришини, бу “никоҳ ва фарзанд кўришга оид янги маданият” шаклланишига ёрдам беришини таъкидлаган.
Ҳозирги қонунга кўра, хитойлик эркаклар 22, аёллар эса 20 ёшдан кейин турмуш қуриши мумкин. Бу қадам 2023 йил мамлакат аҳолиси иккинчи йил кетма-кет камайиб, туғилиш даражаси рекорд даражада тушиб кетгандан кейин, янада кўпроқ аёлларни фарзанд кўришга ундаш мақсадида қабул қилинган.
Чин диёрида бола парваришлаш харажати юқорилиги туфайли кўплаб аёллар фарзандсиз яшашни афзал кўради, қизлар оила қуришни истамайди. Улар ҳамон жамиятда оилага асосий ғамхўр ҳисобланади, мамлакатда гендер камситиш ҳолатлари учраб туради.
Расмий маълумотга кўра, жорий йил биринчи ярмида тузилган никоҳ сони 2013 йилдан буён энг паст даражага тушди. Хитойдаги демографик пасайиш, асосан, 1980-2015 йиллар оралиғида жорий қилинган бир бола сиёсати, жуда кўпчилик бир неча фарзанд кўришни истамаслиги ва қисман таълим харажати юқорилиги натижасидир.