Бугун Тошкент шаҳридаги “International” меҳмонхонасида Хитой Халқ Республикасининг туризм сектори вакиллари иштирокида бизнес-форум бўлиб ўтди. Мазкур форум Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини Хитойда тарғиб қилиш ва Ўзбекистон-Хитой туризм саноати вакиллари ўртасидаги ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлашга бағишланди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги вакиллари, Ўзбекистон ва Хитойнинг давлат ва хусусий сектор вакиллари, жумладан, ҳукумат вакиллари, бизнес раҳбарлари ва инвесторлар, шунингдек, таниқли хитойлик сайёҳлик блогерлари, “ShaanXi” оммавий ахборот воситалари, "ZheJiang" телевидениеси, радио ва TV Chengdu каби машҳур Хитой оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Форумни Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирининг биринчи ўринбосари Улуғбек Аъзамов ва "CSC Airlines" компанияси вице-президенти Ден Венуй кириш сўзи билан очди.

Вазир ўринбосари ўзининг кириш сўзида Хитойда Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини кенг тарғиб қилишда форумнинг аҳамияти, мамлакатимизга хорижий сайёҳлар оқими ва туристик инфратузилма объектлари сони ортиб бораётганини таъкидлаб, хитойлик инвесторларни Ўзбекистоннинг туризм соҳасида мавжуд инвестиция имкониятларини ўрганишга чақирди.
Форумда “Milliy PR-markaz” директори Дилфуза Самандарова Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятига бағишланган тақдимот ўтказди. Шунингдек, Ўзбекистон томони вакиллари барча меҳмонлар ва туризм ташкилотларини жорий йилнинг 15-17 ноябрь кунлари бўлиб ўтадиган “Ипак йўлида туризм” TITF-2023 Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркасида иштирок этишга чақирди.
Форум давомида Хитой туризм саноатининг турли тармоқлари вакиллари, жумладан, "Zhejiang Loong Air", сайёҳлик агентликлари ва туроператорлари, жумладан, Сичуан ёшлар сайёҳлик агентлиги, Сиан халқаро туризм компанияси, Шанси Чжунгсин Силк Роад халқаро сайёҳлик агентлиги ва бошқалар ҳам қатнашди.

Ўзбекистон ва Хитой томонлари вакиллари ўртасида Б2Б форматидаги учрашувлар бўлиб ўтди, унда иштирокчилар туризм соҳасининг бугунги ҳолатини муҳокама қилди ва Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорликнинг янги имкониятларини ўрганди. Форум Ўзбекистон ва Хитой сайёҳлик компаниялари ўртасида бир қатор шартнома ва англашув меморандумларини имзолаш маросими билан якунланди.
Ўзбекистон-Хитой сайёҳлик бизнес-форуми икки давлат вакиллари ўртасидаги ишбилармонлик алоқаларини ривожлантиришда муҳим қадам бўлди. Форум иштирокчиларга ҳамкорлик ва инвестициялар учун янги имкониятларни ўрганиш йўлида платформа тақдим этди. Мазкур тадбир Ўзбекистон туризм индустриясининг юксалиши ва ривожланишига, мамлакатимизнинг жаҳон туризм бозоридаги мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
ЎзА