French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси конституциявий ислоҳотлар билан танишди
19:02 / 2022-07-27

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Конституциявий комиссия раиси Акмал Саидовнинг Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Цзян Янь билан учрашуви бўлиб ўтди.

Мулоқот аввалида А.Саидов меҳмонларга Конституциявий ислоҳотлар юзасидан атрофлича маълумот берди.

Жумладан, Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида белгиланган кенг кўламли вазифалар, халқпарвар давлатни барпо этиш, инсон қадр-қиммати, ҳуқуқлари ва манфаатларини янада самарали таъминлаш каби мақсадлар мамлакатимиздаги туб ислоҳотларга мос янги конституциявий-ҳуқуқий маконни яратиш зарурати ҳақида тўхталиб ўтилди.

Ушбу мақсадларни ҳаётга татбиқ этиш, хусусан, “Инсон қадри учун” тамойили асосида халқимизнинг фаровонлигини янада ошириш, иқтисодиёт тармоқларини трансформация қилиш ва тадбиркорликни жадал ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш каби устувор йўналишларни мамлакатимизнинг Бош қомусида акс эттириш бўйича Ўзбекистон Республикаси конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифларни шакллантириш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича 47 нафардан иборат таркибдаги Конституциявий комиссия фаолияти ҳақида батафсиз маълумот тақдим этилди.

Ўтган давр мобайнида жамиятимизнинг сиёсий, иқтисодий-ижтимоий ва маданий ҳаётида туб ўзгаришлар содир бўлди. Бунда Бош қомусимизда “Янги Ўзбекистон — ижтимоий давлат” тамойилларини мустаҳкамлаш, турли ислоҳотлар жараёнида инсон манфаатлари бош мезон бўлишини таъминлаш, хусусий мулк дахлсизлиги, ерга эгалик қилиш ҳуқуқи, фуқаролик жамияти институтларининг ўрнини конституциявий даражага кўтариш, давлат ҳокимияти асосларини янада такомиллаштириш долзарблиги ҳақида фикр юритилди.

Таъкидланганидек, аҳолининг Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича ўз таклифларини монеликсиз юбориши учун барча қулайликлар яратилди.

Аҳолининг конституциявий ислоҳотлар жараёнидаги фаоллигини янада ошириш мақсадида мобиль алоқа компаниялари орқали мамлакатимиз фуқароларига Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан ўз таклифларини Конституциявий комиссиянинг барча платформаларига юбориш мумкинлиги тўғрисида 30 миллиондан ортиқ абонентга 3 марта эслатма тариқасидаги СМС-хабарномалар юборилди. Натижада Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси қизғин ўтмоқда. Бугунги кунга қадар 90 мингдан зиёд таклифлар келиб тушди.

Учрашувда қайд этилганидек, жамоатчилигимиз конституциявий ислоҳотларни объектив зарурат сифатида қараб, Конституцияни янгилашдек ғоят муҳим, стратегик вазифани ҳал этишда фаол қатнашиб, ўзининг аниқ фуқаролик позицияларини билдиришмоқда. Мазкур жараёнда мамлакат тақдирига бефарқ бўлмаган турли аҳоли қатламлари иштирок этиб, уларнинг барчасига миннатдорлик билдирилмоқда. Бунда айниқса, ёшлар фаол иштирок этиб, таклифларнинг 70 фоизга яқини айнан улардан келиб тушаётгани диққатга сазовордир.

Шу ўринда, Ўзбекистон Республикаси конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифларни шакллантириш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича Конституциявий комиссия ўз фаолияти давомида қарийб 190 дан ортиқ мамлакатларнинг Конституцияси ҳамда 40 дан ортиқ Халқаро пакт ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги бошқа келишувларни таҳлил қилганлиги таъкидланди. Бунда, албатта, Шарқий Осиё минтақасининг энг йирик мамлакати бўлган Хитой Халқ Республикасининг Конституцияси ҳамда ушбу йўналишдаги илғор тажрибаси ҳам таҳлил қилингани маълум қилинди.

Ўз навбатида, элчи берилган батафсил ва таҳлилий ахборот учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар Хитой Халқ Республикаси томонидан юқори баҳоланиши ва келгусида ўзаро дўстона руҳдаги муносабатлар бардавом бўлишига ўз ҳиссасини қўшишга тайёрлигини маълум қилди.

Суҳбат самимий ва конструктив руҳда ўтди.

ЎзА