Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хитой Голливуд фильмларига чеклов қўймоқчи
11:31 / 2025-04-15

Хитой АҚШ томонидан Хитой маҳсулотларига юқори миқдорда бож жорий этиш ҳақидаги қарорга жавобан, мамлакатга Голливуд фильмлари кириб келишини қисқартириш режасини ишлаб чиқмоқда. Бу ҳақда “Kazinform” ёзган.

– АҚШ ҳукуматининг Хитой фильмларига тариф сиёсатини суистеъмол қилишга қаратилган нотўғри ҳаракати муқаррар равишда маҳаллий томошабинларнинг Америка киноларига қизиқишини пасайтиради, – дейилган Миллий кино маъмурияти баёнотида. – Энди бозор тамойилига амал қиламиз, томошабинлар танловини ҳурмат қиламиз ва импорт қилинаётган Америка фильмлари сонини ўртача даражада камайтирамиз. Биз доим ташқи дунёга очиқликнинг юқори даражасини сақлаб келганмиз ва талабдан келиб чиқиб, томошабин эҳтиёжини қондириш учун бошқа мамлакатлар ажойиб фильмларини тақдим этамиз.

Ҳозирга қадар Хитойда йилига ўнтагача Голливуд фильмини кўрсатишга рухсат бор.

Яқинда Президент Дональд Трамп Хитойни адолатсиз савдо амалиёти юритиш ва АҚШ фентанил инқирозига ҳисса қўшишда айблади. Хитойнинг навбатдаги кино импорти сиёсатига жавобан эса “Бундан ҳам ёмон воқеаларни эшитганмиз” деди.

Кино саноати мутахассиси Крис Фентон таъкидлашича, Хитойнинг бу қадами “деярли нолга тенг зарар учун катта ўч олиш”га уриниш. Зеро, Голливуд фильмлари Чин мамлакати кассасининг атиги 5 фоизини ташкил қилади, АҚШ киностудиялари эса бу давлат кинотеатрларидан тушган чипта даромадининг атиги тўртдан бир қисмини олади.

Маълумотга кўра, Қўшма Штатлар Хитой компанияларини Америка фонд бозоридан чиқариб ташлаш масаласини ҳам кўриб чиқяпти. ХХР Ташқи ишлар вазирлиги АҚШни тарифдан иқтисодий қурол сифатида фойдаланиш ва Жаҳон савдо ташкилоти қоидасини бузишда айблаб, бундай ҳаракат глобал савдо тизимига жиддий зарар етказишини айтди. Шунингдек, Хитой бундай савдо можаросида “курашдан қўрқмаслиги”ни таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, Хитой 2025 йил 12 апрелдан бошлаб АҚШдан импорт қилинадиган товарларга қўшимча тарифни 84 фоиздан 125 фоизга кўтарди. Американинг Хитойга божи эса 145 фоизни ташкил этади.

Г.Сатторова, ЎзА