Айни кунларда ССВнинг Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази Тиббий буюмлар ва тиббий техника сифатини назорат қилиш лабораторияси мутахассислари AIBO – Халқаро бизнес ходимлари академияси томонидан ўтказилаётган семинарда иштирок этмоқда.
“Ривожланган мамлакатлар учун тиббий тасвирлаш қурилмасини конфигурация қилиш ва бошқариш” мавзусидаги ушбу семинар 14 августга қадар давом этади. Иштирокчилар ўқув машғулотлари давомида Хитойнинг фармацевтика саноати сиёсати, соҳага йўналтирилган инвестицияларни бошқаришнинг сўнги тенденциялари ва моделлари, янги турдаги дори воситалари, тиббий буюм ва тиббий техника, шунингдек, ақлли шифохоналарни ишлаб чиқишда ҳамкорлик қилиш имкониятлари ва шу каби бир қатор муҳим маълумотларга эга бўлади. Уларни амалиётга татбиқ этиш бўйича тажриба алмашади.
Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази матбуот хизмати хабарига кўра, яна икки нафар мутахассиснинг Хитойда малака ошириши режалаштирилган. Улар жорий йилнинг 11-24 август кунлари AIBO томонидан ташкил этиладиган “Ривожланаётган мамлакатлар учун анъанавий Хитой тиббиётига асосланган соғлиқни сақлаш” мавзусидаги ўқув-семинарида иштирок этади.
Маълумот учун, Халқаро бизнес ходимлари академияси (AIBO) Хитой Халқ Республикаси Савдо вазирлигига бевосита бўйсунувчи таълим муассасаси ҳисобланиб, 1980 йилда ташкил этилган. Инсон ресурсларини ривожлантириш ва ҳамкорлик лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек, мутахассислар учун малака ошириш курсларини ташкил этиш асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.
ЎзА