Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хитой Фанлар академияси аъзолигига сайланган илк ўзбек олими 80 ёшга тўлди
09:12 / 2024-12-12

Ватанимиз тарихидаги 12 декабрь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.

1389 йил (бундан 635 йил олдин) – Шамсиддин Муҳаммад Жазарий Дамашқда ўзининг “Пайғамбарлар улуғининг сўзларидан мустаҳкам қўрғон” асарини ёзиб тугатди. Муаллиф кириш қисмида асарнинг ёзилиш ва номланиш сабабини айтар экан, Амир Темур томонидан Дамашқнинг ишғол қилинишидаги жангда бир бурчакда саловот айтиб ўтириб, ўлимдан қутилганини қайд этган. 

Тарихчи Муҳаммадихон Бузруковнинг қайд этишича, Шамсиддин Муҳаммад Жазарий 1350 йилда Дамашқда туғилган. Дастлабки таълимни Ватанида олиб, етук олим бўлиб етишган. У 1402 йилда Анқара яқинида бўлган жангда усмонийлар лашкари сафида эди. Жангда енгилган Йилдирим Боязид билан бирга у ҳам асир тушади. Амир Темур бу олимнинг хабарини ва кимлигини билгач, одатига биноан олимни Мовароуннаҳрга олиб келади. 

Шамсиддин Муҳаммад Жазарийга Кеш (ҳозирги Шаҳрисабз) шаҳридан турар-жой ҳозирлаб берилган. Кейинчалик Самарқандга келтирилган бу буюк имомга Амир Темур доимо ҳурмат-эҳтиром кўрсатиб, улуғлаган. У одамларга Қуръони Карим ва ҳадис илмидан таълим бериш ҳамда илмий асарлар ёзиш билан шуғулланган. Асарлари асосан Қуръон ва ҳадис илмларига оид. Шамсиддин Муҳаммад Жазарий Самарқанддаги “Боғи Худо” мадрасасида ҳам дарс берган. Соҳибқирон вафотидан сўнг аллома Мовароуннаҳрни тарк этиб, ўз ватанига қайтиб кетган.

1756 йил (бундан 268 йил олдин) – Муҳаммад Раҳимхон Бухоро хонлиги тахтига расмий равишда хон бўлиб ўтирди. Тарихчи олим Қаҳрамон Ражабовнинг ёзишича, бу маросим Аркда ўтказилган, Муҳаммад Раҳимхон оқ кигизга солиниб, хон деб эълон қилинган. Муҳаммад Раҳимхоннинг хонлик тахтига ўтириши ўша давр муаррихлари томонидан муҳим сиёсий воқеа сифатида баҳоланган. Шу тариқа Бухорода манғитлар сулоласининг ҳукмронлиги бошланди. Манғитларнинг ўн бир йиллик амалдаги ҳукмронлиги эндиликда расмий мақомга эга бўлган.

1909 йил (бундан 115 йил олдин) – шоир, публицист, адабиётшунос ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Фанлар академияси мухбир аъзоси Ҳамид Олимжон таваллуд топди (вафоти 1944 йил). У 1939–1944 йилларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига раҳбарлик қилди. Унинг асарларида Ватан туйғуси дўстлик ва инсонийлик фазилатлари билан уйғунлашиб кетган. Тошкент метрополитени бекатларидан бири, Самарқанддаги вилоят театрига Ҳамид Олимжон номи берилган. Тошкент шаҳридаги Адиблар хиёбонида унга ҳайкал ўрнатилган. У 2004 йилда, вафотидан сўнг, “Буюк хизматлари учун” ордени билан мукофотланган.

1928 йил (бундан 96 йил олдин) – биокимёгар-генетик олим, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Аҳмад Иброҳимов дунёга келди (вафоти 2008 йил). 

1923 йил (бундан 101 йил олдин) – Бутун Россия Марказий Ижроия Қўмитаси ва РСФСР Халқ Комиссарлар Совети «Туркистон Республикасида маҳаллий тилларда иш юритишга ўтишни тезлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарор қабул қилди. Бунга биноан Туркистон ҳудудида фаолият олиб бораётган барча давлат органларида иш юритишни параллел равишда маҳаллий тилларда ҳам олиб бориш жорий қилиниб, совет бошқарувига маҳаллий аҳолини жалб қилиш белгиланди. 

1932 йил (бундан 92 йил олдин) – таниқли адабиётшунос олим, жамоат арбоби, академик Наим Каримов таваллуд топди (вафоти 2023 йил). Олим ХХ аср ўзбек адабиёти ва унинг йирик вакиллари ижодини миллий ғоя мезонлари асосида ўрганиш ишини биринчилардан бўлиб бошлаб берди. Чунончи, жадид адабиёти, унинг ҳур фикрли, адолатпарвар вакиллари Ҳамза, Фитрат, Чўлпон ва бошқалар ижоди ҳақидаги ўнлаб китоб, мақолалар муаллифи. Матншунос сифатида Ойбекнинг 20, Ғафур Ғуломнинг 12, Ҳамид Олимжоннинг 10, Ҳамзанинг 5 жилдли тўла асарларини тайёрлаш ва нашр этишда иштирок этган.

Наим Каримов мустамлакачилик даври қурбонлари хотирасини абадийлаштириш бўйича жамоатчилик комиссияси раиси (1999 йилдан) сифатида Тошкентда Шаҳидлар хотираси ёдгорлик мажмуасини бунёд этиш (2001), шунингдек, Қатағон қурбонлари музейини ташкил қилишда (2002) жамоатчилик ишларини амалга оширган.

1944 йил (бундан 80 йил олдин)  оқсил кимёси, токсинлар ва биотехнологиялар кимёси соҳасидаги машҳур олим, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Шавкат Солиҳов дунёга келди. У 2006 йил 12 мартдан – 2017 йил 10 январгача Ўзбекистон Фанлар академияси президенти бўлган. Шавкат Солиҳов 2017 йил ноябрида Хитой Фанлар академияси аъзолигига сайланган. У Ўзбекистондан сайланган биринчи, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатларидан сайланган (россиялик олим, физика бўйича Нобель мукофоти лауреати Жорес Алферовдан кейин) иккинчи олимдир. Шавкат Солиҳов 2018 йилда 7 нафар хорижлик олим қаторида халқаро илмий-техникавий ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун Хитой Халқ Республикасининг нуфузли мукофоти лауреати бўлди. 

1990 йил (бундан 34 йил олдин) – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳузуридаги таълим, фан ва маданият масалалари бўйича иш олиб борадиган маҳсус ташкилот – ЮНЕСКО томонидан Хива шаҳридаги Ичан қалъа Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилди. 

Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, ҳозирги кунга қадар ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига Ўзбекистондан бешта мерос объекти: 1990 йилда – Ичан қалъа, 1993 йилда Бухоро шаҳрининг тарихий маркази, 2000 йилда – Шаҳрисабз шаҳрининг тарихий маркази, 2001 йилда – “Самарқанд – маданиятлар чорраҳаси” объекти, 2016 йилда – Ғарбий Тяньшан (Чотқол биосфера қўриқхонаси) киритилган.

1992 йил (бундан 32 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрини Ўзбекистон Республикасининг Фахрий ёрлиғи билан мукофотлаш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Унга мувофиқ, хўжалик ва маданий қурилиш соҳасида эришган муваффақиятлари, намунали ободончилик ишлари ҳамда ташкил этилганига 60 йил тўлиши муносабати билан Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳри Ўзбекистон Республикасининг Фахрий ёрлиғи билан мукофотланди.

1995 йил (бундан 29 йил олдин) – Индонезиянинг Ява оролида жойлашган Суракарта (норасмий номи Соло) шаҳрида «Агахан» халқаро хайрия фонди тарихий-меъморий обидаларни тиклаш ва таъмирлаш йўналишида ўтказилган танловда ўзбекистонлик санъат усталарининг «Бухоро ва бухороликлар» мавзусидаги реставрация чизма нусхалари ва тархи ҳамда нақшлари нафислиги учун муносиб тақдирланди.

2002 йил (бундан 22 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида” Конституциявий қонунлари, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”, “Давлат статистикаси тўғрисида”, “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги қонунлари қабул қилинди.

2017 йил (бундан 7 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

2018 йил (бундан 6 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

2018 йил (бундан 6 йил олдин) – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси ялпи мажлисида «Маърифат ва диний бағрикенглик» резолюцияси қабул қилинди. Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган ҳужжат лойиҳаси БМТнинг барча аъзо давлатлари томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди.

2019 йил (бундан 5 йил олдин) – ЮНЕСКО халқаро ташкилоти томонидан Хоразм “Лазги” рақси Инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилди.

2022 йил (бундан 2 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Қашқадарё вилояти тажрибаси асосида сув ресурсларини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади