Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хитой элчиси Андижонда
10:29 / 2026-01-20

Хитой Халқ Республикасининг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Юй Цзюнь Андижон вилоятида бўлди.

Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов  элчи билан учрашиб, мулоқот ўтказди. 

Учрашувда вилоят раҳбари Андижоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш кўрсаткичлари, мавжуд саноат ва инвестиция имкониятлари, шунингдек, хорижий инвесторлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар ҳақида маълумотлар берди. Хусусан, вилоятда саноат, логистика, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва туризм соҳаларида амалга оширилаётган йирик лойиҳалар, эркин иқтисодий зоналар фаолияти ҳамда хорижий инвесторлар иштирокида қўшма корхоналар ташкил этиш истиқболлари, Хитой билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳаларга алоҳида тўхталди. 

Хитой Халқ Республикасининг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор Элчиси Юй Цзюнь икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга Хитой томони ҳар томонлама тайёр эканлигини таъкидлади. Элчи Андижон вилоятининг юқори инвестицион салоҳиятини эътироф этиб, қатор йўналишларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари мавжудлигини қайд этди.

Самимий ва дўстона руҳда кечган мулоқот чоғида кейинги йилларда Ўзбекистон – Хитой стратегик шериклик муносабатлари янги босқичга кўтарилганлиги алоҳида таъкидланди. Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли алоқаларни изчил ривожлантириш, инвестиция ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтиришга келишиб олди. 

Шунингдек, Хитой Халқ Республикаси элчиси Юй Цзюнь Андижон давлат чет тиллари институтига ҳам ташриф буюрди.

Олий мартабали меҳмонни институт ректори, профессор Дилшодбек Рустамов бошчилигида институт жамоаси самимий кутиб олди. 

Элчи билан ўтказилган музокарада Ўзбекистон ва Хитой ўртасида таълим соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, талабалар ва ўқитувчилар тажриба алмашинувини жадаллаштириш, Хитой олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. 

Шундан сўнг меҳмонлар институтда хорижий тиллар, хусусан, хитой тилини пухта ўрганиш учун яратилган шарт-шароитлар, ўқув хоналари билан танишди. Элчи яратилган имкониятларни юқори баҳолаб, талабаларнинг хитой тилини ўрганишга иштиёқи юқори эканлигидан мамнунлигини билдирди.

Сўнг институтнинг хитой тили йўналиши талабалари ва фаоллари иштирокида конференция ўтказилди. Конференцияда элчи талабаларга Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги дўстона алоқалар, келажакдаги ҳамкорлик имкониятлари ҳақида гапирди, талабаларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди.

Ф. Убайдуллаев,

З. Умрзоқов (фото),

ЎзА мухбирлари