Хитой Европа Иттифоқидан импорт қилинаётган сут маҳсулотларига нисбатан кескин чора қўллади.
Расмий Пекин қарорига кўра, ЕИдан келадиган сут ва пишлоқ маҳсулотларига 28,6 фоиздан 42,7 фоизгача вақтинчалик бож жорий этилди. Бу қарор Европа томонининг хитой электромобилларига қарши юқори тарифлар жорий этишига жавоб сифатида баҳоланмоқда.
Хитой Савдо вазирлиги Европа давлатлари ўз фермерлари ва сут ишлаб чиқарувчиларини субсидиялар орқали қўллаб-қувватлаб, ХХР ичида нохолис рақобатни келтириб чиқараётганини таъкидламоқда. Унга кўра, бундай ёрдам Европа маҳсулотларининг Хитой бозорида сунъий равишда арзон сотилишига ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар зарар кўришига олиб келган.
Текширув жараёнида Хитой билан ҳамкорлик қилган компанияларга нисбатан пастроқ — 28,6 фоизлик бож белгиланган. Терговда иштирок этмаган ёки маълумот тақдим этмаган ишлаб чиқарувчилар эса энг юқори — 42,7 фоизлик тарифга дуч келмоқда. Бундай тизим ХХРнинг бошқа савдо можароларида ҳам қўлланилган.
Европа комиссияси қарорни асоссиз деб атаб, уни қайта кўриб чиқиш нияти борлигини маълум қилди. Брюссел бу чоралар ЕИ–Хитой ўртасидаги аллақачон таранг бўлган иқтисодий муносабатларни янада кескинлаштиришидан хавотир билдирмоқда. Айни пайтда томонлар ўртасидаги савдо мувозанати, субсидиялар ва бозорга кириш масалалари бўйича қарама-қаршиликлар чуқурлашиб бормоқда.
Экспертлар фикрича, сут маҳсулотларига жорий этилган янги божлар нафақат қишлоқ хўжалиги соҳасига, балки Европа билан Хитой ўртасидаги кенгроқ иқтисодий муносабатларга ҳам жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.
Мусулмон Зиё, ЎзА