Хитой энергетика корпорацияси "Ming Yang Smart Energy" дунёдаги биринчи тўлиқ қайта ишланадиган углерод толали шамол турбинаси пичоғини яратди. Узунлиги 110 метрдан зиёд MySE23X шу тоифадаги энг йирик қурилмалардан биридир.
Мазкур технология меъёрий ҳароратда, атмосфера босими остида юз берадиган кимёвий парчаланиш усулида ишлайди. Бундай ечим шамол энергетикаси саноатидаги энг долзарб муаммолардан бири - чиқинди тўпланишининг олдини олишга қаратилган. Маълумки, анъанавий композит пичоқларни қайта ишлаш жуда қийин, чунки қатрон ва тола ишлаб чиқариш жараёнида доимий равишда боғланади. Ушбу материалларни ажратиб бўлмагани учун ишдан чиққан пичоқлар кўпинча ташлаб юборилади ёки айрим ҳолатларда майдаланади ва цемент учун паст навли пломба сифатида ишлатилади. Шу нуқтаи назардан навбатдаги инновация эса шамол энергетикаси саноатини углеродсиз, деярли чиқиндисиз келажакка яқинлаштириш салоҳиятига эга.
Кембриж университетида ўтказилган аввалги тадқиқот хулосасига кўра, 2050 йилга келиб, дунё бўйлаб тахминан 43 миллион тонна шамол турбинаси пичоғи чиқиндиси тўпланади. Яъни, биринчи авлодга мансуб бундай мосламаларнинг хизмат муддати тугаши билан ушбу биологик парчаланмайдиган композитни йўқ қилиш жиддий муаммога айланади.
Демак, ўсиб бораётган чиқинди ҳажми саноатнинг тўлиқ қайта ишланадиган, масалан яқинда "Ming Yang" томонидан тақдим этилган технологияга ўтишни тақозо этиши мумкин. Компанияда "махсус материалларни парчалаш ечими" ишлаб чиқилди.
Юқори ҳарорат ёки босим талаб қиладиган, кўпинча тола шикастланишига олиб келадиган аввалги қайта ишлаш усулларидан фарқли ўлароқ, янги кимёвий жараён одатий шароитда ишлайди. Жараёнда пичоқ тузилишини бирлаштирган ёпиштирувчи модда эрийди. Бу эса углерод толасини янги турбинадан автомобил компонентигача ажратиш, тозалаш ва қайта ишлатиш имконини беради.
Ясашда анъанавий толали шишага нисбатан анча мустаҳкам ва енгил углерод толали панелдан фойдаланилган MySE23X пичоғи энг кучли денгиз шамол турбиналари учун мўлжалланган. Зеро, бундай амалиётда ортиқча оғирлик самарадорликни бевосита пасайтиради.
Глобал миқёсда тоза энергияга ўтиш тезлашгани сайин, шамол энергиясининг экологик жиҳатдан аҳамияти тобора долзарблашмоқда. Таҳлилчилар анчадан буён қайта ишланмайдиган турбинани қайта тикланадиган энергия тизимидаги асосий камчилик сифатида таъкидлаб келишган.
Г.Сатторова, ЎзА