Шу кунларда мамлакатимизда бўлиб турган Хитой Халқ Республикасининг Анхой провинцияси губернатори Ван Цинсянь бошчилигидаги делегация турли вазирлик, идораларда учрашувлар ўтказмоқда.
Жумладан, Тошкент шаҳри ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Умурзоқов билан учрашувда Ўзбекистон – Хитой муносабати сўнгги йилларда жадал ривожланаётгани қайд этилди.

Ш.Умурзоқов икки давлат раҳбарлари томонидан ҳар томонлама шерикликни рағбатлантириш учун замин яратилаётганини таъкидлади. Aйни пайт Тошкент шаҳрида Хитойнинг кўплаб корхоналари ҳар икки халқ фаровонлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшмоқда. Мамлакатимизда хорижлик инвесторларга қулай шарт-шароит яратилган, уларнинг ҳуқуқи, манфаати қонун билан кафолатланган.

Ван Цинсянь ўз музофотининг географияси, иқтисодиёти, ишлаб чиқариш имконияти, сармоявий ва сайёҳлик салоҳияти ҳақида батафсил маълумот берди. Ушбу ташриф Президент Шавкат Мирзиёевнинг ХХРга ташрифи чоғида олий даражада эришилган муҳим келишувларни амалга ошириш йўлидаги қадам эканини таъкидлади.

Мулоқотда Aнхой провинцияси ва Тошкент шаҳри ўртасида ҳамкорликда янги лойиҳалар амалга ошириш, жумладан хитойлик инвесторларни жалб этиш орқали пойтахтда янги ишлаб чиқариш корхоналари очиш масалалари кўриб чиқилди.
Г.Сатторова, ЎзА