Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хитой давлатининг спорт раҳбарлари билан мулоқот ўтказилди
15:37 / 2022-11-15

Маълумки, жорий йилнинг 9 ноябрида Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Тошкент шаҳрида бунёд этилиши режалаштирилган Олимпия шаҳарчаси қурилишига тамал тоши қўйилиб, тантанали маросимда мазкур замонавий шаҳарча Хитойнинг “CAMC Engineering” компанияси томонидан бунёд этилиши таъкидланганди.

Бугун, 15 ноябрь куни Спортни ривожлантириш вазирлигида Хитой халқ Республикаси спорт бўйича давлат бош бошқармаси раҳбарлари, Ўзбекистон ва Хитой элчихоналарининг мутасаддилари ҳамда мутахассислар ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш масалаларига бағишланган онлайн йиғилиш ўтказилди.  

Видео-конференция шаклида ташкил этилган учрашувда Ўзбекистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икромов жисмоний тарбия ва спорт соҳасида Ўзбекистон-Хитой муносабатлари амалий ишларда ўз ифодасини топаётганини таъкидлади.  

Бу – Тошкентда барпо этилаётган Олимпия шаҳарчасини Хитой компаниялари иштирокида қуришга киришилганлигида, мамлакатимизда 2023 йили Ханчжоуда ўтадиган Осиё ва Параосиё ўйинлари олдидан 20 га яқин давлатнинг спорт мутахассислари учун ташкил этилган ўқув-машғулот йиғинлари, оммавий спорт тадбирларида янада ёрқинроқ акс этмоқда.  

Ўз навбатида Хитой Халқ Республикаси спорт бўйича давлат бош бошқармаси директори жаноб Гао Жидан мамлакатларимизнинг жисмоний тарбия ва спорт соҳасида бир-биридан ўрганадиган жиҳатлари кўплигини қайд этди.  

Видео конференцияда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов иштирокчиларга 2025 йили Тошкентда ёшлар ўртасида ўтадиган Осиё ва Параосиё ўйинлари, пойтахтимизда бунёд этилаётган Олимпия шаҳарчасининг жойлашуви, ундаги қуриладиган спорт мажмуалари хусусида сўзлаб берди.  

Тошкентда бунёд этиладиган Олимпия шаҳарчасида иш бошлаши назарда тутилган Ўзбекистон спорт академиясини малакали мутахассислар билан таъминлашда Хитой тажрибасини жорий этиш, миллий спортимиз курашни Хитойда ҳам кенг ривожлантириш, волейбол, стол тенниси, енгил атлетика каби спорт турларида тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.  

Тўлқин Рўзиев, ЎзА