Мамлакатимиз инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Илзат Қосимов Хитойнинг "Sumec" халқаро технология компанияси раиси Ху Хайцзин билан учрашди.
Мулоқот давомида мазкур хорижий корхонанинг юртимизда саноат лойиҳалари амалга ошириши, хусусан ускуналар етказиб бериш ва молиявий ечимлар тақдим этиш истиқболи муҳокама қилинди.

Ўзбекистон томони аграр ва металлургия соҳаларидаги қўшма лойиҳалар бўйича сармоявий имконият ва янги таклифлар тақдим этди. Шунингдек, "Sumec" платформалари ва тажрибасидан фойдаланган ҳолда маҳсулотларимизни Хитой бозорига олиб кириш йўллари кўриб чиқилди.

Суҳбат якунида тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш ва аниқ ташаббуслар ишлаб чиқишга келишилди.

Эслатиб ўтамиз, 1999 йил ташкил этилган "Sumec International Technology" ХХР саноат сектори етакчиларидан бири ҳисобланади. 2024 йил "Fortune China-500" рейтингида 97-ўринни эгаллаган. Йиллик даромади 14 миллиард, ташқи савдо айланмаси эса 10 миллиард доллардан ошган. Компания 150 дан ортиқ мамлакат ва минтақага кириб борган.
М.Пирматова, ЎзА