Пойтахтимизда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ҳамда Хитой Халқ Республикасининг “Beijing Silk Road Culture Development" халқаро ташкилоти ва унинг Ўзбекистонда ташкил этилган “Silk Road Innovation and Development” институти билан ҳамкорлик учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда Хитой Халқ Республикасининг “Beijing Silk Road Culture Development" халқаро ташкилоти билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш масалалари муҳокама қилинди.

Жумладан, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтига хорижий талабаларни жалб қилиш, талабалар ва профессор-ўқитувчилар учун Хитой олийгоҳлари билан академик мобиллик дастурларини йўлга қўйиш, стажировкалар ташкил этиш, илмий тадқиқотлар ва халқаро конференциялар ўтказиш, қўшма кўргазмалар ташкил қилиш ҳамда ижодкор ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида йирик ижодий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича режалар белгилаб олинди.

Учрашув якунида юқоридаги келишувларни тизимли амалга ошириш мақсадида томонлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА