Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хитой билан ҳамкорлик: Ипак қуртининг янги зотлари яратилади
15:05 / 2023-02-22

Жорий йил пиллачиликнинг тўртта мавсуми давомида иш жараёнларини назорат қилиш, Ипакчилик илмий-тадқиқот институтининг олимлари билан биргаликда ипак қуртининг янги зотларини яратиш бўйича Хитой Халқ Республикасидан мутахассислар жалб этилади.

Хўш, бу йил пиллани мўл ва сифатли етиштириш бўйича қандай тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда? Соҳага хорижий мутахассисларни жалб қилишдан кўзланган мақсад нима?  

Мавзу юзасидан Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси раиси Баҳром Шарипов қуйидагиларни гапирди.  

– Ҳозирги кунда 60 дан ортиқ мамлакатда пилладан маҳсулот ишлаб чиқарилсада, 20 дан зиёд давлатда пилла етиштирилади. Дунёда пилла етиштириш бўйича биринчи ўринда Хитой, иккинчи ўринда Ҳиндистон, учинчи ўринда Ўзбекистон туради. Шу сабаб бу соҳада Хитой ўзига хос тажрибага эга давлат ҳисобланади. Хитойлик мутахассислар билан мулоқот давомида улар ҳам бизнинг тажрибамизни ўрганишга доимо қизиқиш билдириб келган. Биз улар билан ҳамкорлик давомида нафақат тажриба алмашамиз, балки хорижий тажриба асосида етиштирилаётган пилла ҳажмини ошириш, ундан жахон андозаларига мос келадиган тайёр Ипак қуртилар ишлаб чиқариш ҳамда халқаро майдонда ўз ўрнимизни янада мустаҳкамлашга эришамиз.  

Жорий йилда тўрт мавсум давомида 510 минг қути ипак қурти парваришланиб, 28,3 минг тонна пилла хомашёси етиштирилиши кўзда тутилган. Шундан 3,1 триллион сўмлик ипак маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Ўзбекистон бугунги кунда дунёдаги жуда кўплаб давлатларга ипак маҳсулотларини экспорт қилмоқда, жумладан, Хитой, Ҳиндистон, Вьетнам, Франция, Италия, Австрия ва АҚШ каби 30 дан ортиқ давлатларга пиллачилик маҳсулотлари етказиб берилмоқда.  

Айни кунларда вилоят ва туман “Агропилла” МЧЖ ҳамда пиллани қайта ишлаш корхоналари томонидан баҳорги пилла етиштириш мавсумларига тайёргарлик ишлари давом этмоқда. Хусусан, вилоят ва туман “Агропилла” МЧЖ ҳамда пиллани қайта ишлаш корхоналари томонидан касаначилар, фермер хўжаликлари билан шартнома тузиш, мавжуд тутзорларни аҳолига оилавий пудрат асосида бириктириб бериш жараёнлари бошланган. Озуқа базасини мустаҳкамлаш мақсадида тут кўчатлари экилмоқда.  

Шунингдек, Инкубаторияларни тайёрлаш, жиҳозлаш инкубистлар маҳоратини ошириш мақсадида ўқув-семинарлари ташкил этилмоқда. Корхоналарда ипак маҳсулотларини ишлаб чиқариш жараёнлари ҳамда маҳсулотларни экспортга йўналтириш ишлари олиб борилмоқда.  

Эндиликда Хитойдан 10 дан ортиқ мутахассислар жалб қилиниб, улар ипак қуртини парваришлаш ва унинг ҳосилдорлигини ошириш ишларида иштирок этади. Ипакчилик илмий-тадқиқот институтининг олимлари билан биргаликда ипак қуртининг янги зотларини яратади.   

Жорий йил парвариш қилинадиган ипак қурти уруғларининг 50 фоизга яқини маҳаллий ипак қурти уруғчилик корхоналарида тайёрланган ва қолган қисми Хитой Халқ Республикасидан импорт қилиниши режалаштирилмоқда. “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси уруғчилик йўналишида Хитой Халқ Республикасидаги 3 та йирик корхона билан ҳамкорлик қилади.   

Куни кеча мазкур корхоналардан бири, “Tongxiang Sericulture” Co., Ltd. уруғчилик корхонасининг таъсисчиси Zhao Xinhua “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси таклифи билан Ўзбекистонга келди. Жаноб Zhao Xinhua баҳорги пилла етиштириш мавсумига тайёргарлик ишлари билан танишиб, маҳаллий уруғларнинг сифатини ошириш бўйича ўз таклифларини билдирди. Учрашув чоғида Хитой Халқ Республикасидан ипак қурти уруғларини олиб келиш тартиблари юзасидан келишиб олинди.   

Шунингдек, учрашувда тизим ходимларининг Хитойда малака ошириши хусусида келишувга ҳам эришдик. Эндиликда ҳар йилги анъанага кўра, сентябрь ва октябрь ойларида вилоятлардаги “Агропилла” МЧЖ, уруғ тайёрлаш ва пиллани қайта ишлаш корхоналарида фаолият юритаётган 60 га яқин мутахассис Хитойга бир ой муддатга тажриба алмашиш учун ўқишга юборилади.   

Гулноза Бобоева, ЎзА