Хитой дунёнинг барча мамлакатлари, жумладан, Украинанинг ҳам суверенитетини ҳурмат қилиш муҳим, деб ҳисоблайди.
Бу ҳақда жума куни Хитой ташқи ишлар вазири Ван И Буюк Британия ташқи ишлар вазири Лиз Трасс, ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича бош вакили Жозеп Боррел ҳамда Франция президенти маслаҳатчиси Эмманюэль Бон билан телефон орқали ўтказган суҳбатида айтиб ўтди.
"Хитой барча мамлакатларнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат ва ҳимоя қилиш, шунингдек, БМТ Низомида кўрсатилган тамойиллар ва мақсадларига тўлиқ амал қилинишини қўллаб-қувватлайди. Ушбу позиция давомли ва аниқ, у Украинага ҳам тегишли", - дея келтирилади Ван И сўзлари Хитой ташқи ишлар вазирлиги сайтида эълон қилинган хабарда.
"БМТ Хавфсизлик кенгаши Украина масаласини ҳал қилишда конструктив рол ўйнаши керак ва эътиборини барча мамлакатлар учун минтақавий тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашга қаратиши лозим. Хавфсизлик кенгаши амалга ошираётган ҳаракатлар кескинликни чуқурлаштириш эмас, аксинча юмшатишга, можарони дипломатик йўл билан ҳал этишга қаратилмоғи лозим", - дейилади Ван И баёнотида.
"Биз келгусида ҳам ҳар қандай истибдодга қарши чиқамиз ҳамда ривожланаётган, айниқса, кичик ва ўртача мамлакатларнинг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини қаттиқ ҳимоя қилиш тарафдоримиз", - дея таъкидлаган Хитой ташқи сиёсат идораси раҳбари.