Хитой Давлат хавфсизлик вазирлиги якшанба куни берган баёнотда АҚШ сўнгги йилларда бошқа давлатларга қарши бир неча бор кибер ҳужум уюштириб, глобал хавфсизликка жиддий таҳдид солаётгани таъкидланган.
Аввалроқ шу идора Америка Миллий хавфсизлик агентлиги (МХА) ХХР Миллий вақт хизмати марказига йирик кибер ҳужум уюштиргани, натижада алоқа тармоғи, молия ва транспорт тизимига зиён етиши, электр энергияси таъминоти узилиши хавфи пайдо бўлганини маълум қилган эди.
- Сўнгги йилларда АҚШ доимий равишда кибер маконда гегемонлик ўрнатишга интилиб, бир неча бор халқаро кибер фазо қоидасини бузди, - деб ёзилган ижтимоий тармоқдаги расмий саҳифада. - МХА бошчилигидаги разведка идоралари бепарволиги туфайли Жануби-шарқий Осиё, Европа, Жанубий Америка давлатлари, жумладан Хитойга қаратилган кибер ҳужумлар доимий равишда амалга оширган. Хакерлар муҳим инфратузилмага кириб, назоратни қўлга олган, муҳим маълумотларни ўғирлаган ва асосий ходимлар устидан жосуслик қилган. Шу тариқа бошқа мамлакатлар кибер суверенитети, хорижликлар шахсий дахлсизлиги ўзбошимчалик билан бузилиб, глобал кибер хавфсизликка жиддий таҳдид солинган.
Қайд этилишича, АҚШ ўз технологик имкониятларидан фойдаланиб,
мунтазам равишда Филиппин, Япония ва Тайванга кибер ҳужум уюштиради ва шу орқали ўз манфаатини кўзлаб, айбни бошқа томонга тўнкайди.
С.Раҳимов, ЎзА