Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хитой АҚШ маҳсулотларига 15 фоизлик бож белгилади
21:18 / 2025-03-05

ХХР ҳукумати йиллик йиғилишида 2025 йил учун иқтисодий ўсиш мақсади 5 фоизэтиб белгиланди. Шунингдек, Қўшма Штатлар билан савдо зиддияти кучайиб бораётгани сабабли иқтисодиётни мустаҳкамлаш учун кўпроқ рағбатлантириш чоралари кўрилиши эълон қилинди.

“Euronews” ёзишича, Пекин бюджет тақчиллиги даражасини ялпи ички маҳсулотнинг 4 фоизигача кўтарган. Бу охирги ўттиз йилликдаги энг юқори кўрсаткич бўлиб, илгари эълон қилинган “ўта фаол” молиявий сиёсат ёндашувига мос келади. Бундан ташқари мамлакатда инфляция кўрсаткичи 2024 йилдаги 3 фоиздан 2 фоизга тушган. Ички талаб сусайганига қарамай, бу борада охирги йигирма йилдаги энг паст кўрсаткич қайд этилди.

Хитой Халқ Сиёсий маслаҳат ва Бутунхитой Халқ вакиллари кенгашларининг биргаликда ўтказиладиган йиллик йиғилиши “Икки сессия” деб ҳам аталади. Анжуман 11 мартгача давом этади.

Маълумки, сўнгги ойларда АҚШ – Хитой савдо рақобати кескинлашди. Президент Дональд Трамп ўтган ой ХХР товарларига 10 фоизлик бож жорий қилди ва сешанба куни бу миқдор икки баробар оширилди. Бунга жавобан Чин давлати Америка қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, жумладан товуқ, буғдой, маккажўхори ва пахта импортига 15 фоиз импорт божи, соя, порт, мол гўшти, мева ва сабзавотга 10 фоиз йиғим белгилади. 10 мартдан кучга кирадиган айни тартиб Пекиннинг февраль ойида суюлтирилган газ, хом нефть, қишлоқ хўжалиги ускуналари ва айрим транспорт воситаларига биринчи жавоб тарифи тўпламидан кейин жорий қилинди.

АҚШ ва Хитой ўртасида кучайиб бораётган савдо уруши Мексика ва Канадага нисбатан қўйилган тариф билан бирга глобал фонд бозоридаги вазиятни кескинлаштириб юборди.

Мусулмон Зиё, ЎзА