Қашқадарё вилоятининг тоғли ҳудудларида жойлашган “Ҳисор” давлат қўриқхонаси нафақат табиатни асраш маскани, балки илмий изланишлар ва фидокорона меҳнат уйғунлашган жойдир.
“Ҳисор” давлат қўриқхонасининг қишки манзараси ижодкор учун ўзгача илҳом манбаидир. Қорли тоғлар, музлаган шаршаралар ва сокин табиат қўйнида олис хаёлларга берилиш – ўзликни англаш ва келажакка умид билан қараш имконини беради. Бу ерда вақт гўё секинлашгандек, шаҳар шовқинидан узоқда, табиатнинг сирли оламига шўнғиб кетгандек бўласиз.
Келгуси авлодларга бу бетакрор ҳудудни асл ҳолича етказиш – “Ҳисор” қўриқхонасининг асосий мақсадидир. Қўриқхона ходимлари бу йўлда тинимсиз меҳнат қилиб, тажрибали мутахассисларнинг билим ва кўникмаларини ёш авлодга ўргатиб келмоқда. Экологик таълим ва тарғибот ишлари доимий равишда олиб борилиб, маҳаллий аҳоли ва сайёҳлар ўртасида табиатга меҳр ва эҳтиёткор муносабат ҳиссини уйғотишга қаратилган.
[gallery-27000]
“Ҳисор” давлат қўриқхонасида олимлар қишда ҳайвонларнинг озиқланиш хусусиятлари, миграция йўллари ва яшаш жойларини чуқур ўрганади. Ўсимликлар оламида янги турлар кашф этилиб, миллий гербарий фонди бойитилади.
Қиш фасли қўриқлаш ходимлари учун катта масъулият даври. Улар қорли довонларда патруль хизматини олиб бориб, браконьерларнинг йўлини тўсади, ҳайвонларнинг ҳар бир изини кузатиб боради. Ҳар куни навбатчилик қилиш, тоғ бағрида пиёда юриш уларнинг кундалик вазифасига айланган. Ҳатто қоронғу қиш тунларида ҳам улар ҳушёрликни йўқотмай, қўриқхона ҳудудининг дахлсизлигини таъминлайди.
“Ҳисор” давлат қўриқхонаси бу – нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё минтақасининг бебаҳо бойлигидир. Уни асраш ва келгуси авлодларга етказиш – барчамизнинг бурчимиздир. Қишки сокинлик ҳукмрон бўлган бу масканда табиат ва инсон ўртасидаги уйғунликнинг гўзал намунаси намоён бўлади.
Жамшид НОРҚОБИЛОВ (сурат), ЎзА