Ҳудудларда молия-иқтисод, тадбиркорлик ва камбағалликни қисқартириш соҳаларида ўзини ўзи банд қилиш йўналишида яратилган иш ўринлари такрорланиб, асоссиз равишда ошириб кўрсатилмоқда.
Бу Сенат ялпи мажлисида Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида янги иш ўринларини яратиш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар бўйича ўтказилган ўрганиш натижалари муҳокамаси жараёнида қайд этилди.
Мажлисда мазкур ҳудудларга оид ҳисоботларда юз мингдан ортиқ иш ўрни такрорланган рақамларда кўрсатилгани танқид қилинди. Умуман олганда, шу пайтгача қайси ҳудудда ўрганиш олиб борилган бўлса, барчасида шу муаммога дуч келинган.
Аҳоли ўртасида ўзини ўзи банд қилишнинг афзал томонлари етарлича тушунтирилмаяпти. Бир йилда бир марта ижтимоий солиқ тўловини тўлаб, келгусида кафолатланган иш стажига эга бўлиш имкониятини ҳаммаям тушуниб етмаяпти. Буни ўзини ўзи банд қилганларнинг 70-80 фоизи белгиланган солиқ тўловини тўламаётгани мисолида ҳам кўриш мумкин.
Барча ҳудудларда шу масала ўрганилганда деярли бир хил муаммоларга дуч келинди. Масалан, қўшиб ёзиш амалиёти ҳали-ҳануз мавжуд. Мутасадди ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлиги талабга жавоб бермайди.
Хусусан, рақамлаштиришга эътиборни янада кучайтирган ҳолда мавжуд электрон тизимларни такомиллаштириш ва ўзаро интеграция қилиш лозим. Бу орқали бандлик ҳисобини юритишдаги номувофиқликлар ва тарқоқликка барҳам берилади.
Соҳа, тармоқ ва ҳудудлар даражасидаги турли дастурлар доирасидаги лойиҳаларнинг ҳар бир босқичида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, бунда айниқса қурилиш, қишлоқ хўжалиги, хизматлар кўрсатиш каби соҳаларга жиддий эътибор қаратиш керак.
Тадбиркорлик учун қулай шароит ва имкониятлар яратиш борасидаги ҳаракатларни изчил давом эттириш, айниқса фаолиятини тўхтатган тадбиркорлик субъектларига ҳар томонлама кўмак бериш бўйича аниқ манзилли ишлар ташкил қилиниши зарур.
Янги иш ўринлари яратишда амалда ишлаб турган корхона ва ташкилотларнинг ишлаб чиқариш қувватларини оширишга алоҳида эътибор қаратиш талаб этилади.
Муҳокамалар жараёнида ҳудудий дастурлар доирасида Тошкент вилоятида 431 та ва Тошкент шаҳрида 128 та инвестиция лойиҳаси ишга туширилгани, натижада 14,5 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилгани таъкидлаб ўтилди.
Тошкент вилоятида 49,9 минг ва Тошкент шаҳрида 46,1 минг фуқаро 70 дан ортиқ фаолият йўналишида ўзини ўзи банд қилган.
Сенат аъзолари аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ижобий ишлар билан бир қаторда айрим камчилик ва муаммоларнинг мавжудлигига, жумладан, баъзи туман (шаҳар)ларда йиллик бандлик дастури ижроси орқада қолаётганига, тегишли ишларни мувофиқлаштириб борувчи штабларнинг фаолияти самарали ташкил этилмаганига эътибор қаратди.
Таъкидланганидек, иш ўринлари тўғрисидаги умумий ҳисоботни шакллантиришда кўрсаткичларнинг давлат солиқ органлари ва “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплекси маълумотлари базасига мувофиқлиги тўлиқ таъминланмаган.
Шу боис шаҳар ва туман кенгашларида халқ депутатлари янги иш ўринларини яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ишларини тизимли равишда ҳар ой натижалари бўйича муҳокама этиш ва тегишли чоралар кўриш бўйича таъсирчан механизмларни ишлаб чиқиши зарурлиги таъкидланди.
Н.Абдураимова,
ЎзА