Сирдарёда нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари учун ҳисобот топшириш тартиби ҳамда рақамли хизматлардан самарали фойдаланиш масаласига бағишланган семинар ташкил этилди.
Вилоят Адлия бошқармаси ташаббуси билан ўтказилган тадбирда e-ngo.uz электрон платформаси орқали ҳисоботларни топшириш тартиби, тизимнинг асосий имкониятлари ва техник жиҳатлари батафсил тушунтирилди. Шунингдек, ҳужжатларни электрон шаклда тақдим этиш, жараённи соддалаштириш ва ортиқча қоғозбозликни камайтириш йўллари ҳам муҳокама қилинди.

Амалдаги қонунчиликка кўра, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳар йили 1 февралга қадар ўтган йил давомида амалга оширган фаолияти юзасидан адлия органларига ҳисобот тақдим этиши шарт. Ушбу талабларнинг ижросини таъминлаш ва рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш имкониятлари семинарнинг асосий мавзусини ташкил қилди.

Семинарда иштирок этган Адлия бошқармасининг масъул ходими Сардор Халилов вилоятда фаолият юритаётган 400 дан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳисобот топшириш тартиби ва уларга кўрсатилаётган рақамли хизматлар ҳақида ўз фикрларини билдирди. Унинг сўзларига кўра, e-ngo.uz ахборот тизими орқали ҳисоботларни электрон шаклда топшириш ташкилотларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш, ишларини тизимлаштириш ва фаолият шаффофлигини таъминлашда самарали восита бўлиб хизмат қилади.

Тадбир давомида нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятига оид қонунчилик ҳужжатларининг мазмун-моҳияти тушунтирилди, грант лойиҳаларини ишлаб чиқиш, ижтимоий шерикликни ривожлантириш ҳамда ташкилотлар фаолияти самарадорлигини янада ошириш масалаларида фикр-мулоҳазалар алмашилди.
Адлия органлари маълумотича, бундай семинарлар нодавлат нотижорат ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш, институционал салоҳиятини ошириш ва фаолиятини қонунчилик талабларига мувофиқ йўлга қўйишга қаратилган бўлиб, келгусида ҳам мунтазам равишда ўтказилади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири