Куни кеча кўҳна ва ҳамиша навқирон Бухоро шаҳрида футбол бўйича Ўзбекистон чемпионати суперлигасиинг “Бухоро” ва Жиззахнинг “Сўғдиёна” клублари ўртасидаги баҳс билан навбатдаги 11-тур ўйинлари бошланди.
Жорий йилги чемпионат ҳар икки жамоа учун ҳам омадсиз бошланиб, кетма-кет мағлубиятлар натижасида “Бухоро” клуби “Сўғдиёна”нинг собиқ мураббийи Улуғбек Бақоевга, жиззахликлар эса ўтган мавсум Тошкентнинг “Бунёдкор” жамоаси билан маълум муддат ишлаб, клубни тарк этган европалик Иван Бошковичга ишонч билдирди.

Ўйиннинг биринчи бўлими тўпга эгалик қилиш бўйича “Сўғдиёна” нинг, аммо қарши ҳужумларга таяниб голли вазиятлар яратиш бўйича бухороликларнинг устунлигида ўтди. Ҳатто, “Бухоро” нинг, асли жиззахлик футболчиси Асилжон Бегимқулов томонидан узатган тўпини Касян ёрдамчи ҳакам байроқчасини кўтарганини кўргач, бўш дарвозага, шунчаки секингина юмалатиб қўя қолди. ВАР ҳаками Ҳусан Музаффаров ҳамда ўйинни бошқарган ҳаками Ғайрат Жўраевлар томонидан майдон эгаларининг тоза урилган голи ҳисобга олинмади.

Ўйиннинг иккинчи бўлими Улуғбек Бақоев шогирдларининг шиддатли ҳужумлари билан бошланди. Бир неча голли вазиятлар ҳам содир этилди, аммо ундан фойдалана олмади.
Футболда сен урмасанг, сенга уради, деган ибора яна бир бор ўз исботини топди. Иккинчи рақам остида тўп сурган “Сўғдиёна” мезбонларнинг ҳимояда йўл қўйган хатосидан унумли фойдаланиб, учрашувнинг 59-дақиқасида Андревнинг узатмасини Жавоҳир Қаҳрамонов голга айлантирди – 0:1.
Гарчанд бу Қаҳрамоновнинг мавсумдаги илк голи бўлсада, Жавоҳир бу гол ўз устози Улуғбек Бақоев жамоаси дарвозасига бўлгани учунми нишонламади.

Киритилган голдан кейин меҳмонларнинг ўзларига бўлган ишончи янада ортди ва улар тўпга эгалик қилиш бўйича майдон эгаларидан анча устунлик қила бошлади. Улуғбек Бақоевнинг таркибдаги бир қатор ўзгаришлари ҳам наф бермади. Аксинча, Иван Бошковичнинг захирадан майдонга тушурган футболчилари “Сўғдиёна” ўйинини янада очди.
Баҳснинг 85-дақиқасида “Бухоро ўз даовозасидан 2-тўпни олиб чиқишга мажбур бўлди. Жиззахликлар таркибига захирадан қўшилган Ҳислат Халилов Иминовга босим ўтказиб, тўпни уни оёқлари остидан Зенан Займович томон узатди. Меҳмонларнинг Белгияда туғилган Болқон ярим оролилик легионери тўпни қаршисидан чиққан дарвозабон устидан ошириб осонгина голга айлантирди – 0:2.
Бу гол Зенаннинг қаторасига 5-учрашувдаги 6-голи бўлса, Иван Бошковичнинг Жиззах клубини қабул қилгандан кейинги қаторасига 4-ғалабаси. Таъкидлаб ўтиш жоизки, Бошкович жамоани қабул қилганда, “Сўғдиёна” 2 очко билан турнир жадвалида охирги 14-пағонада эди. Бугун эса жиззахликлар 14 очко билан 7-ўринга кўтарилиб олди.
Бугун, эртага ва кейинги кунлари турнинг бошқа учрашувлари бўлиб ўтади.
А.ҚАЮМОВ,
ЎзА