Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хирургия маркази ва Хитойнинг етакчи клиникаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди
12:30 / 2024-03-12

Хитой тиббиёти ўзининг инновацион технологиялари, мутахассисларининг юксак илмий-амалий салоҳияти туфайли ҳамкорлик учун жозибадор ҳисобланади.

Шу маънода, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 23-25 январь кунлари Хитой Халқ Республикасига давлат ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни, шу жумладан, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳасида мутлақо янги босқичга олиб чиққани тарихий воқеа бўлди.  

Куни кеча эса тиббиёт соҳасидаги икки томонлама алоқаларни хирургия ва трансплантология йўналишида ҳам ривожлантириш йўлида муҳим қадам қўйилди.  

Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази ва Хитой Халқ Республикасининг “Zhejiang“ тиббиёт университети 2-клиникаси ўртасида ўзаро англашув меморандумини имзолаш маросими бўлиб ўтди.  

Унда марказ раҳбарияти, “Zhejiang“ тиббиёт университети 2-клиникаси президенти Вайлин Ванг, Хитойнинг мамлакатимиздаги элчихонаси вакиллари иштирок этди.  

Тадбирда таъкидланганидек, 155 йиллик тарихга эга “Zhejiang“ тиббиёт университети 2-клиникаси Хитойдаги етакчи тиббиёт муассасаларидан ҳисобланади. Хусусан, мазкур клиника кетма-кет беш йил мамлакатнинг энг яхши клиникалар ўнталигида қайд этилиб келинмоқда.  

Мамлакатларимизнинг ушбу икки тиббиёт муассасалари ўртасида бир неча ой олдин онлайн форматда бошланган музокаралар якуни билан эришилган келишувлар ўзаро ҳамкорликни ҳужжат билан мустаҳкамлашга замин яратди.  

Ҳамкорлик доирасида жорий йилнинг 10-15 март кунлари марказда “Хитой тиббиёти ҳафталиги” ташкил этилди. Мазкур акция давомида ўзбек ва хитойлик шифокорлар ҳамкорлигида катталар ва болаларда кам инвазив усулда, жигар бўлаги ва буйрак кўчириб ўтказиш амалиётлари бажарилади.  

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, бугуннинг ўзида бундай трансплантация операциялари туғма жигар касаллигига чалинган 12 ёшли қорақалпоғистонлик қизалоқда ва сурункали буйрак етишмовчилиги билан оғриётган наманганлик беморда ўтказилади. Қизалоққа бувиси, буйрак касаллигига чалинган беморга эса акаси донорлик қилади.  

Шу муносабат билан дўст мамлакатдан юртимизга 17 нафар юқори малакали мутахассис ташриф буюрган.  

Шунингдек, хитойлик мутахассислар иштирокида марказ ходимлари, клиник ординаторлар учун турли мавзуларда маҳорат дарслари ва очиқ мулоқотлар ҳам ташкил этилади.  

Умуман олганда, имзоланган ушбу меморандум юртимизда орган трансплантологияси йўналишини янада ривожлантириш, Хитойнинг клиник технологияларини жорий этиш, маҳаллий мутахассисларни ушбу мамлакатнинг илғор стандартлари асосида тайёрлашга хизмат қилади.  

 

М.Қосимова, ЎзА