«Ўзбеккино» Миллий агентлигида Ҳиндистоннинг “WINGSPAN group” компанияси томонидан «Бобур» сериалини Ўзбекистонда суратга олиш бўйича агентлик билан меморандум имзоланди.
Эндиликда ҳинд киноижодкорлари томонидан Ўзбекистоннинг Фарғона, Самарқанд, Бухоро, Хива ҳудудларида суратга олиш ишлари бўлиб ўтади. “WINGSPAN group” компанияси вакиллари Тасним Удайпурвала, Нераж Рати ҳамда Агентлик Бош директори Фирдавс Абдухолиқов ўртасида меморандум имзоланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 13 августдаги Фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 19 сентябрдаги қарорига мувофиқ, ҳинд киноижодкорлари учун “rebate” тизими жорий этилади.
«Бобур» сериалида Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг болалик ва ўсмирлик даври, Бобурнинг Афғонистондаги ҳукмронлиги, ҳиндлар томон юриши, Бобурийлар сулоласига асос солиши, адабиёт оламида тутган ўрни ва ҳинд диёрида амалга оширган ислоҳотлари ҳақида ҳикоя қилинади.
Мазкур сериал шоҳ ва шоир, жамоат арбоби Бобур шахсини дунёга танитишда, шунингдек, сериалнинг мамлакатимиз ҳудудида суратга олиниши Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини кўтаришда, халқаро маданий алоқалар, дўстлик муносабатларининг яхшиланишига туртки бўлади.
Сериалнинг мамлакатимизда тасвирга олиш ишлари жорий йилнинг декабрь ойидан бошланиши режалаштирилган, дея хабар беради «Ўзбеккино» Миллий агентлиги Ахборот хизмати.