French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳиндистоннинг янги президенти номи эълон қилинди
11:43 / 2022-07-22

Кеча Ҳиндистоннинг янги 15 чи президенти номи эълон қилинди, яъни 21 июлда “Бхаратия жаната Парти” (БЖП) етакчилигидаги Миллий-демократик альянсдан номзоди кўрсатилган Драупади Мурму мамлакатнинг янги президенти деб эълон қилинди. У Ҳиндистон тарихида иккинчи аёл президент ҳисобланади.

Ҳиндистонда президент сайлови 18 июлда бўлиб ўтди. Парламентда журналистлар учун берилган сўнгги маълумотларга қараганда, жами 3 минг 219 та овоз берилган бўлиб, умумий қиймати 838 минг 839 тани ташкил этади. Шундан 2 минг 161 овозни Мурму олган ва ушбу овозларнинг қиймати 577 минг 777 тага тенг бўлган. Унинг рақиби мухолифатчилар вакили Яшвант Синх эса 1 минг 58 та овоз олан ва бу овозларнинг қиймати 261 минг 62 тага тенглаштирилди. Мамлакатда овозларни санаб чиқиш тизимига кўра,  ҳар бир сайловчининг овози у мансуб бўлган  штат аҳолиси сонидан келиб чиқиб турлича “қиймат” касб этади.  

Юқорида таъкидланганидек, Мурму республика президенти лавозимини эгаллаган иккинчи аёл бўлди. (Биринчи аёл президент 2007-2012 йилда Пратибха Патил бўлган эди). Бундан ташқари, Мурму Ҳиндистон мустақилликка эришгандан кейин, яъни озод мамлакатда дунёга келган биринчи президент ҳисобланади.  

Янги президент 25 июлда қасамёд қабул қилади. Амалдаги президент Рам Натх Ковинднинг ваколати 24 июлда тамом бўлади.  

Драупади Мурму 1958 йил 20 июнда Одиша штатининг Маюрбханж округидаги Байдапоши қишлоғида туғилган. Унга қадимги Махабхарат достонидаги бош қаҳрамон подшоҳ шарафига Драупади исми  берилган.  

Ҳиндистон президенти миллат рамзи ҳисобланади, У давлатнинг раҳбари ва олий бош қўмондони ҳисобланади. Бироқ  ҳақиқий ҳокимият мамлакат бош вазирига тегишли. Президент асосан вакиллик вазифаларини бажаради ва ҳукуматни расман тасдиқлайди. Республикадаги “биринчи ва бош фуқаронинг” асосий вазифаси — мамлакат Конституцияси ва қонунчилигини ҳимоя қилиш ҳисобланади.  

Ҳиндистон президенти беш йиллик муддат билан сайланади. Умуман, мамлакат Конституцияси  бир кишига давлатнинг олий лавозимини бир неча муддатга эгаллашига изн беради. Масалан, Ҳиндистоннинг биринчи президенти Ражендра Прасад ҳокимият тепасида икки маротаба бўлган эди, шундан кейин сиёсий элитада давлат раҳбарлигини фақат бир муддат эгаллаш анъанага айланди.  


С.Раҳимов, ЎзА