Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Ҳиндистоннинг энг йирик инновация ва бизнес инкубаторларидан бири “T-Hub” ўртасида онлайн музокара бўлиб ўтди.
Унда Инновацион ривожланиш вазирлиги Стартап экотизимини шакллантириш ва ривожлантириш бошқармаси ходимлари, Инновацион ривожланиш вазирлигининг Ҳиндистондаги фахрли элчиси Вентакеш Кулкарни ва Ҳиндистон томондан стартап соҳасида тажрибали ментор Ражев Кулкарни иштирок этди.
Музокаралар давомида Ўзбекистонда стартап экотизимини шакллантириш ва ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Хусусан, T-Hub технологик хаби делегациясига Ўзбекистон стартап экотизимини ўрганиш учун шароит яратиб бериш, ресурсларни аниқлаш ва стартаплар учун хаб ташкил қилишда ёрдам бериш, ҳамда стартап экотизими субъектлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва хаб учун керакли жамоани шакллантиришда кўмак кўрсатишга келишилди.

Стартапларни молиялаштириш мақсадида Тошкент ва Ҳайдаробод стартап экотизимлари ўртасида қўшма стартап лойиҳалари ташаббусларини илгари суриб, Ўзбекистондаги топ-10 стартапларни T-Hub акцелерациясидан ўтказиш, Ўзбекистондаги мавжуд ва янги стартаплар учун Ҳиндистонлик тажрибали менторларни жалб қилиш масаласи ҳам атрофлича ўрганилди.
Томонлар, шунингдек, Ҳиндистон ҳукумати Илм-фан ва технологиялари департаменти ва Ҳиндистоннинг “Invest India” инвестициялари қўмитаси ёрдамида Ҳиндистон Республикаси томонидан бошқа давлатлардаги стартап ва инновация экотизимларини ривожлантириш учун ажратилган грант маблағларини Ўзбекистон учун жалб қилишни ўрганиб чиқишга келишилди.
T-Hub (Technology Hub) – Ҳиндистоннинг Телангана штатида жойлашган Ҳиндистоннинг энг катта инновацион ва бизнес инкубаторидир. Инновация йўналишида уч томонлама ҳамкорлик моделига асосланиб, Телангана ҳукумати, Ҳайдарободдаги учта академик институт ва хусусий институт ўртасида ҳамкорликни кенг йўлга қўйган.

T-Hub Ҳиндистон ва халқаро стартапларга технологиялар, инсон капитали, менторлик, мижозлар, корпорациялар, инвесторлар жалб қилиш билан ёрдам берса, давлат идоралари учун стартап экотизимини ривожлантиришга кўмаклашади. T-Hub, шунингдек, давлат ва марказий ҳукумат ташкилотларига инновацион экотизимларни яратишда ёрдам беради.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА