Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳиндистоннинг қадимий Пуна шаҳрида дунё полвонлари беллашади
10:04 / 2022-11-08

Пойтахтимиз Тошкент шаҳрида Халқаро кураш ассоциациясининг матбуот анжумани бўлиб ўтди

Анжуманда Халқаро кураш ассоциацияси президенти, Осиё Олимпия кенгаши Осиё ўйинлари бош директори Ҳайдар Фармон, Халқаро Кураш ассоциацияси вице-президенти, Ўзбекистон миллий медиа ассоциацияси бошқаруви раиси Шерзодхон Қудратхўжа ва ассоциация бош котиби Муҳаммад Ризо Носсирийлар иштирок этди.  

Ҳайдар Фармон курашнинг халқаро майдондаги ривожи, жорий йилда бўлиб ўтиши режалаштирилган катталар ўртасидаги Жаҳон чемпионати ҳақида батафсил маълумот берди.  

Жорий йилнинг 23-28 ноябрь кунлари Ҳиндистоннинг Пуна шаҳрида Кураш бўйича катталар ўртасида XIII Жаҳон чемпионати ва Халқаро Кураш ассоциациясининг XIX конгресси бўлиб ўтади.  

Мазкур чемпионатга IKA таркибидаги 70 га яқин давлатдан энг кучли полвонлар иштирок этади.  

Конгрессда халқаро спорт ўйинларига Курашни расмий киритиш, курашнинг ҳакамлик ва мураббийлик қоидалари, мусобақаларни ташкил этиш тартиби, 2023 йилда амалга ошириладиган ишлар режаси, дунёда курашни ривожлантиришда юзага келган муаммолар, IKA таркибидаги миллий федерацияларни аъзоликка қабул қилиш, аъзоликни тўхтатиш ва кўплаб масалалар кўриб чиқилади.  

Анжуман давомида IKA президенти томонидан курашнинг Африка ўйинлари дастурига киритиш бўйича Африка миллий олимпия қўмиталари ассоциацияси президенти Мустафа Берраф билан келишувга эришилганлиги маълум қилинди.  

Мазкур воқелик севимли спортимиз курашнинг Африка қитъасида кенг ривожлантириш йўлида тарихий воқеадир.  

Шунингдек, Европа олимпия қўмитаси аъзолари билан музокаралар ўтказилиб, курашни Европа ёшлар ўйинлари дастурига киритиш бўйича дастлабки келишувлар амалга оширилган. Мазкур масала бўйича музокараларнинг амалий босқичи давом этмоқда.  

Қайд этиб ўтиш лозимки, қитъавий ўйинлар Олимпия ўйинларидан кейинги ўринда турадиган нуфузли спорт байрамидир. Курашнинг қитъавий ўйинлар дастуридан расман ўрин олиши келгусида Олимпия ўйинлари дастурига киритилишида муҳим аҳамиятга эгадир.  

Маълумот учун: кураш – ўзбекча сўз бўлиб, ғалабага ҳалол йўл деган маънони билдиради.  

Бугунги кунда Халқаро Кураш ассоциацияси таркибида 140 га яқин давлатнинг миллий федерациялари фаолият юритади.  

Ўзбекистон ҳукуматининг қўллаб-қувватлаши ва Ассоциация раҳбарияти саъй-ҳаракатлари билан кураш спорти Осиё ўйинларининг барча дастурларидан расман ўрин эгаллаган. Матбуот анжуманида журналистларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берилди.  

 

Р.Ражабов