Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳиндистоннинг Жавоҳарлал Неру университетида ўзбек тили курслари очилди
14:32 / 2021-10-21

Ўзбек тили байрами куни арафасида мамлакатимизнинг Ҳиндистондаги элчиси Дилшод Аҳатов Жавоҳарлал Неру университетига ташриф буюриб, университетнинг Хорижий тиллар, адабиёт ва маданият мактаби декани Мазҳар Асиф билан учрашди.

Мазҳар Асиф Форс ва Марказий Осиё тилларини ўрганиш марказида Ўзбек тили байрами куни арафасида ўзбек тилини ўқитиш курслари очилгани ва қисқа муддатда ҳинд ёшлари мазкур курсларда таълим олиш учун рўйхатдан ўтаётганини мамнуният билан таъкидлади.

Жавоҳарлал Неру университети ўзбек тили бўйича ўқув курслари мавжуд бўлган Ҳиндистондаги иккинчи олий таълим муассасасига айланди. Бунга қадар Деҳли шаҳридаги Жомия Миллия Исломия университетида ўзбек тили курслари ташкил этилган эди.

Дастлабки босқичда ўзбек тили курслари Жавоҳарлал Неру университети талабалари учун қўшимча дастур сифатида ташкил қилинган бўлса, келаси ўқув йилидан бошлаб мазкур курслар битирувчиларига тегишли сертификатлар тақдим этилади.

Учрашувда Мазҳар Асиф ўзбек тили курсларини ташкил этишда кўрсатилган кўмак учун миннатдорлик билдирди. Ушбу курсларни ҳинд ёшлари орасида оммалаштириш, унинг фаолиятини янада кенгайтириш мақсадида Ўзбекистондаги тегишли олий таълим муассасалари билан яқин ҳамкорликка тайёр эканини маълум қилди.

Элчи Дилшод Аҳатов Ҳиндистоннинг етакчи олий таълим даргоҳларидан бирида ўзбек тили курслари йўлга қўйилиши халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашига ишонч билдирди.

Мулоқот давомида ҳинд томонига 5 жилдли “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”, хорижлик талабалар учун мўлжалланган ўзбек тили дарсликлари ва бадиий адабиётлар ҳамда журналлар тақдим этилди.

– Биз ўзбек тили ҳақида сўз кетганда фақатгина тил эмас, балки умумий тарих, бой маданият, санъат, қадриятларни тушунамиз, – деди Мазҳар Асиф. – Ўзбек тили курсларини ташкил этишдаги яқин ҳамкорлик учун Ўзбекистон элчихонасига миннатдорлик билдирамиз. Фурсатдан фойдаланиб, барча Ўзбекистон халқини Ўзбек тили байрами куни билан чин қалбдан табриклайман ва энг самимий тилакларимни йўллайман.

 – Мен барча ўзбекистонлик дўстларимизни Ўзбек тили байрами куни билан чин қалбимдан табриклайман. Ўзбек тили дунёдаги энг буюк ва бой тиллардан биридир. Бу тилда Алишер Навоий ва кўплаб алломалар ижод қилган. Улар орасида ўзбек ва ҳинд халқлари ўртасида маданий алоқалар ривожига улкан ҳисса қўшган тарихий шахслар бор. Мен тадқиқотчи сифатида Самарқанд, Бухоро, Хива ҳамда Фарғона водийсига бир неча марта сафар қилишга муаяссар бўлдим. Бу сафарлар давомида халқларимиз ўртасидаги яқинлик, маданият ва қадриятларимизнинг уйғунлигини янада чуқурроқ ҳис қилганман, – Жавоҳарлал Неру университети Хорижий тиллар, адабиёт ва маданият мактаби профессори Ахлоқ Хон.

– Ўзбек тили байрами куни арафасида университетимиз тарихида янги саҳифа очилди – ўзбек тили курслари йўлга қўйилди. Ўзбекистон элчиси билан учрашувда мазкур йўналишда ҳамкорликни ривожлантиришнинг барча имкониятларини муҳокама қилдик. Хусусан, Ўзбекистондан мутахассисларни жалб қилиш ва келажакда ҳиндистонлик ёшларни Ўзбекистондаги тегишли олий таълим муассасаларида ўқитиш таклифлари кўриб чиқилди, – дейди Жавоҳарлал Неру университетининг Хорижий тиллар, адабиёт ва маданият мактаби инглиз тилини ўрганиш маркази бошлиғи Дананжай Сингх.

Маълумот учун, Жавоҳарлал Неру университети Ҳиндистондаги энг етакчи олий таълим муассасаларидан бири ҳисобланади. Хорижий тиллар, адабиёт ва маданият мактаби мазкур университет таркибига кирувчи энг йирик мактаблардан бўлиб, у ерда 13 та марказ ва 200 дан ортиқ профессор ва доцентлар фаолият олиб бормоқда. Мазкур таълим муассасасида ўзбек тили курсларининг йўлга қўйилиши ўзбек-ҳинд алоқаларининг жадал ривожланишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

 

ЎзА